Сўнгги бир ярим ой ичида ваколатли давлат органлари томонидан карантин қоидаларини бузиш, ички ишлар органлари ходимларининг қонуний талабларига бўйсунмаслик ва бошқа шу каби кўплаб ҳуқуқбузарликларга оид 100 мингдан ошиқ ишлар кўрилди. Бошқаларга ўрнак бўлиши учун қоидабузарларга маъмурий қамоқ ёки жиноят иши қўзғатилишигача бўлган қатъий чоралар кўрилди. Ҳатто кўчада тиббиёт ниқобисиз юрган ёшлар 15 суткага қамалганига оид ҳолатларга ҳам гувоҳ бўлдик. 

Бугун ижтимоий тармоқларда Ўзбекистон халқ артисти, хонанда Юлдуз Усмонованинг ички ишлар органлари ходимларига нисбатан ҳақоратомуз сўзлари ва ҳаракатлари акс этган видеороликлар тарқалди. Уларда хонанда тунги вақтда ички ишлар органлари ходимлари ташаббус кўрсатиб Сардобадаги тошқиндан жабр кўрган аҳолига ёрдам кўрсатиш учун ўтказаётган хайрия тадбирларида хавфсизлик чоралари ва тартиб-интизомни таъминлаб бермаганидан норозилигини баён қилади.

Видеода Юлдуз Усмонова карантин чоралари амал қилиб турган бир вақтда, жамоат жойида тиббиёт ниқобисиз юрганини кўриш мумкин. Бундан ташқари, у ички ишлар органлари ходимлари (аниқроғи тизимининг) шаъни, қадр-қиммат ва ишчанлик обрўсига путур етказадиган сўзлар айтади ва ҳаракатлар амалга оширади. 

«ГАИ келди, шу трассага қарайман деб. Одам бер дедим, мана бу ерга қарагани, кўрдинглар, хўп деди, кетди, бермади. Участковой шундай ярим соат ***га бир тепиб келди, ярим соат кўриндида оғзини очиб қочворди. Энди мен бунақанги безалабрностни (палапартишликни - таҳр.) кўрмаганман. Йўқ сизларга, йўқ, ноль в карбоке вы. Ни какой уважение, какой уважение какое любви может быт. Вот вам уважение (шу кадрда қўл ҳаракати билан ҳақорат белгисини кўрсатади - таҳр). Уважение надо заслуживать, уважаемые люди в погонах. Мен мутлақо айтяпман, журналистларимиз, ёзинглар, ёритинглар шунақа нарсани. Видите спят они такого время. Омон бўлинглар!», дейди хонанда инстаграмдаги саҳифасига жойлаштирилган видеода.

У яна бир видеода ходимларнинг оталарини лаънатлайди.

«Бугун Мирзо Улуғбек туманининг мелисасининг зами (туман ИИБ бошлиғи ўринбосари назарда тутилган бўлиши мумкин – таҳр.) трассага қарайман деди. Майор эди. Битта мелиса беринг, ГАИ беринг, эплолмай қолдик дедим, хўп деди, бермади. Участковой чиқмади.

Падарлаънати бўлдиларинг бугун. Халқ бирлашди, халқнинг ёнида турмадиларинг. Тфу! ГАИларга, мелисаларга», дея ҳақоратини давом эттиради хонанда.

Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 54-моддасига кўра, карантинли ва инсон учун хавфли бўлган бошқа юқумли касалликлар пайдо бўлиши ҳамда тарқалиши шароитида ваколатли органнинг махсус талабларига зид равишда жамоат жойларида ниқобсиз бўлиш базавий ҳисоблаш миқдорининг беш бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.