Гулнора Каримова номи кўп йиллар давомида бойлик ва ҳашамат атамалари билан чамбарчас боғлиқ ҳолда тушунилиб келди. У аралашмаган бирор йирик соҳа, йўналиш йўқ эди. Ўша йиллари гарчи бу расман тан олинмаган бўлсада, кейинчалик бошланган тергов, суд жараёнида кўп маълумотлар ошкор бўлди. Терговда ва судда Гулнора Каримованинг ўзи кўп айбловларни рад этган, тан олмаган. Аммо унинг ўғли, айни пайтда Лондонда истиқомат қилувчи кичик Ислом Каримовнинг президентга йўллаган мактуби кутилмаган маълумотларни очиб юборди. ВВС сайтининг ўзбекча талқинида эълон қилинган очиқ хатда Ислом Каримов онасининг Ўзбекистон ҳудудида жуда катта миқдорда бойлик, мол-мулкка эга бўлганини билдирган.
Мазкур очиқ хат туфайли олиб борилган суриштирувнинг аввалги қисмларида Гулнора Каримованинг «Кока кола», «Қувасой цемент» каби йирик корхоналардаги фаолияти, «Корзинка» савдо марказлари тармоғига қай даражада алоқадорлигига тўхталинганди.
Учинчи қисмда мактубда тилга олинган, Ўзбекистонда расмий дистрибуцияга эга бўлган Levi's, Benetton, Quicksilver, Mango ва бошқа брендлар дўконлари тармоғи ва соғломлаштириш марказлари бўйича саволларга ойдинлик киритилади.
Жаҳонгир Аҳмедов: «Барча савдо тармоқларини бу можаролар бошлангунга қадар расман сотиб олгандим»
Навбатдаги суҳбатдош Levi's, Benetton, Quicksilver, Mango ва бошқа брендлар дўконлари тармоғи ва соғломлаштириш маркази соҳиби, тадбиркор Жаҳонгир Аҳмедов бўлди.
– Жаҳонгир ака, Гулнора Каримова билан биргаликда бирор иш қилганмисиз, шахсан таниш бўлганмисиз?














