– Ассалому алайкум, жаноб Розенблюм. Интервьюга вақт ажратганингиз учун миннатдорлик билдирамиз. Айни дамдаги карантин ҳолати элчихона фаолиятига қандай таъсир кўрсатди?

– Авваламбор, интервьюга таклиф этганингиз учун раҳмат. Сиз ва сизнинг аудиториянгиз билан суҳбат қуриш доимо мароқли.

Карантин бизнинг элчихона фаолиятига қандай таъсир қилгани ҳақидаги саволга жавоб беришдан аввал Ўзбекистон фуқаролари, айниқса, Сирдарё ва Жиззахда сув тошқинидан азият чеккан инсонларга ўз ҳамдардлигимни билдираман. Одамлар ўз уйлари, мол-мулкларини йўқотганларини кўриш жуда ҳам қайғули. Аминманки, бутун мамлакат аҳолиси жабрланганларга ёрдам бериш ҳақида ўйламоқда. Одамлар тинимсиз кийим-кечаклар, озиқ-овқат ва бошқа нарсаларни тўплаб, Сирдарё ва Жиззахга юборишаётганига гувоҳ бўлдим.

Куни кеча Сирдарёга юбориш учун хайрия йиғилаётган жойга – Тошкентдаги Ёшлар иттифоқи идорасига бордим. Американинг нодавлат нотижорат ташкилоти ҳам Сирдарёда ёрдамга муҳтож бўлган оилаларга керакли нарсалар учун молиявий кўмак ажратиш мақсадида ушбу хайрияга қўшилди. У ерга нарсаларни юк машинасига ортиш ва жараённи кузатиш мақсадида бордим. Бундай ҳолатни кўриш жуда ҳам қайғули, бироқ одамларнинг бир-бирига ёрдам бераётганига гувоҳ бўлиш руҳлантиради.

АҚШнинг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Дэниэл Розенблюм

Саволингизга келсак, аввало менинг АҚШ элчиси сифатидаги асосий бурчим – элчихонамизда ишлайдиган маҳаллий ва америкалик ходимлар, шунингдек, Ўзбекистонда бўлган ва яшаётган Америка фуқароларининг хавфсизлиги ва саломатлигини таъминлашдан иборат. Булар менинг жуда муҳим бўлган асосий вазифамдир. Шу боис биз пандемия вақтида саломатлик ва хавфсизликни қандай ҳимоя қилиш ҳақида ўйладик.

Биринчидан, ходимларимизнинг кўп қисми ишга, яъни элчихонага келишмаяпти. Улар мобил телефонлари, компьютерларидан фойдаланган ҳолда масофадан туриб ишлашмоқда. Бироқ айрим инсонлар иш фаолиятлари тури ёки имкониятлари туфайли масофадан туриб ишлай олишмайди. Шунга қарамай, улар уйда қолишса ҳам, камроқ иш қилишса ҳам, ўз маошларини вақтида олишади.

Биз барчани ўз лавозимида ушлаб қолиш имконига эгамиз. Ҳеч ким ишини йўқотмайди ва ходимлар ойлик маошларини олишда давом этишади.