Алишер Аъзамхўжаев Ўзбекистон-Туркия муносабатларидаги ижобий ўзгаришлар ва қўлга киритилаётган натижалар, шунингдек, пандемия шароитида элчихона томонидан олиб борилаётган ишлар хусусида маълумот берди.
«Туркияда 81та вилоят мавжуд бўлса, пандемияга қадар уларнинг 31тасига бориб келишга улгурдик. Ҳар бир бориб-келишимиз, одатда, икки-уч кунга ҳисобланган. Сафар давомида Ўзбекистон ҳақида, унинг иқтисодий салоҳияти ҳақида, ҳозирги инвестицион салоҳияти ҳақида танитим ўтказамиз. Ундан сўнг у ердаги тадбиркорлар билан B2B шаклида учрашиб, уларни қурилиш, аграр, саноат соҳасида Ўзбекистонга жалб қилиш бўйича суҳбатлар олиб борамиз. Шундан кейин бу бўйича натижаларни умумлаштириб, ўн-ўн беш тадбиркорни Ўзбекистонга жўнатамиз. Аммо пандемия туфайли бу тадбиримиз вақтинча тўхтатилди.
Шунинг учун мана энди онлайн дипломатияни иқтисодий дипломатия билан уйғунлаштириш вазифасини янги усуллар – вебинарлар орқали иш фаолиятимизга татбиқ этяпмиз. Яъни сўнгги пайтларда мана шундай воситалар билан муайян ҳудуддаги ишбилармонлар ассоциацияси вакиллари билан учрашув ўтказяпмиз.
Бундан ташқари, кунда-кун ора Ўзбекистон билан шундай мулоқотдамиз. Масалан, куни кеча янги Бош вазир ўринбосаримиз Умрзоқов Сардор Ўктамович бошчилигида селектор бўлди. Унда пандемия шароитида Ўзбекистон иқтисодиётини ривожлантириш бўйича масалалар муҳокама қилинди.
Хабарингиз бор, олдин экспорт, оғир юк машиналари Ўзбекистон, Туркманистон, Эрон, Грузия орқали Туркияга кириб келарди. Пандемия сабаб Туркманистон, Эрон карантин эълон қилгандан кейин бир-бир ярим ой давомида жуда катта сондаги оғир юк ташувчи машиналар чегараларда карантинда қолиб кетди. У ишларни ҳал қилдик.
Мана бугуннинг ўзида ҳам Фарғона вилояти ҳокими муовини билан гаплашдик. Икки-уч тадбиркоримиз анча-мунча пул сарфлаб, Туркиядан асбоб-ускуна харид қилган, аммо ҳалигача Ўзбекистонга етиб бормаган. Биз шу занжирнинг қаерда узилганини топдик. Эртага, Худо хоҳласа, шу масалани муҳокама қиламиз.
Айтмоқчиманки, ҳар куни шу иш, шу аҳвол. Яъни ҳозир биз – дипломатлар, ўзимизнинг классик вазифамиз – вазирлар, раҳбарлар, ректорлар билан юзма-юз музокаралар, учрашувлар ўтказишни четга суриб қўйиб, элчихонада ўтирган ҳолда, янги технологиялар, вебинарлар ёрдамида иш олиб боряпмиз. Мисол учун, бугун OIC (Organization of Islamic Cooperation – Ислом ҳамкорлик ташкилоти)га мансуб икки халқаро ташкилот ва ўзимизнинг Бухородаги Ислом маркази иштирокида жуда катта конференция иш бошлади. Унда нафақат Туркия, балки бутун дунёдан вакиллар бор. Конференцияда биз ҳам иштирок этдик. Қолаверса, яқинда Хазораспга, Фарғонага ҳам онлайн бориб келдик. Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети талабалари билан ҳам шу шаклда учрашув ўтказдик. Яъни шу хонадан чиқмай туриб, керак бўлса, Италия ва Испанияга ҳам, керак бўлса, Америкага ҳам бориб келяпмиз.







