Юқоридаги суратда кўриб турганингиз — Нишондаги икки қаватли уйларнинг оқава сувлари шундоққина бино ҳовлисидаги ҳовузга қуйилади. Унинг тўлиб кетиши, ёз кунларида бадбўй ҳид очиқ деразалардан хонадонларга мўралаши одамларни чарчатган.
Айни муаммо ўз навбатида ҳожатхона муаммосини ҳам юзага келтирган.
Хуллас, аҳоли антисанитария ҳолатидан узоқ йиллардан буён азият чекади. Чунки юздан зиёд икки қаватли уйлар бўлгани ҳолда Нишонда марказлашган канализация тизимининг ўзи йўқ.
Айтишингиз мумкин, «хўш, ахир ҳозирги вақтда қайси чекка туманда марказлашган канализация тизими бор?» деб. Ҳамма гап ҳам аслида ана шунда.
Нафақат Нишон, балки Қашқадарёдаги қатор туманларда канализация муаммосига дуч келдик. Шу йилнинг ўзида Шаҳрисабз, Миришкор туманлари, Қарши шаҳридан бир неча мурожаатлар айнан канализация масаласида бўлди.
Аслида аксарият туманларда кўп қаватли уйлар канализация тармоғи билан бирга қурилган (ҳарҳолда, канализациясиз кўп қаватли уйни тасаввур қилиш қийин). Аммо ўтган асрнинг 60–70 йилларида бунёд этилган бу уйларнинг муҳандислик-коммуникация тармоқлари аллақачон чириб, ишдан чиққан. Оқибатда сўнгги ўн йиллар давомида кўп қаватли уйлар яшовчилари аянчли муаммо қаршисида қолиб кетмоқда.
Эндиликда бу каби туманлардаги кўп қаватли уйлар атроф манзараси ҳожатхоналар билан кўз олдимизда намоён бўлмоқда. Бундан ҳам ёмони, айрим ҳудудларда ана шу ҳожатхоналарнинг ҳам етишмовчилиги яна бир муаммо. Юқорида айтилган Нишон туманида ҳам худди шу ҳолат ҳали ҳам мавжуд.

Ўтган йили вилоятнинг Шаҳрисабз тумани Мираки маҳалласидаги икки қаватли уйларда яшовчи фуқаролардан келган мурожаатга эътибор беринг: «Маҳалламизга умумий ҳаммом қуришмоқчи, илтимос, олдини олишга ёрдам беринг...»
Маълум бўлишича, аҳолининг ҳаммом қурилишига қаршилиги ҳам канализация билан боғлиқ экан.
«Канализация тизими ишламаётган бўлса, ҳаммомнинг оқова сувлари қаерга чиқарилади? Яна битта оқовали ҳовуз қуриладими?» дея савол қўйган шаҳрисабзликлар. Чунки 40га яқин уйда яшовчилар шусиз ҳам канализация оқоваларидан безор бўлган.
Ана энди канализация ҳовузлари масаласида. Қанчалик хунук ва санитария қоидаларига зид бўлмасин, бизда марказлашган канализация тармоқлари ўрнига уйлар олдида кичик-кичик оқова ҳовузлари қуриш урфга айланиб бормоқда. Хусусан, янги қурилаётган кўп қаватли уйлар дейсизми, минглаб қурилаётган намунавий лойиҳадаги ҳовлилар дейсизми, барчасида биттадан оқова сув ҳовузчаси.


















