Сўнгги 4 йил мобайнида мамлакат «Иқтисодий эркинлик» индексида 52, «Логистика самарадорлиги» индексида – 19, «Doing Business» индексида – 18 поғонага, ИҲТТнинг «Мамлакатларга хос хатарларни таснифлаш» тизимида 6-гуруҳдан 5-гуруҳга кўтарилди, деб таъкидланади ҳужжатда.
 
Norma’нинг ёзишича, халқаро рейтинг ва индекслар билан ишлаш бўйича республика кенгаши ташкил этилади. Унинг асосий вазифаси устувор бўлган халқаро рейтинг ва индексларда Ўзбекистон ўрнини қуйидагилар орқали яхшилашдан иборат:

мамлакатимизнинг ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий-ҳуқуқий тараққиёт даражасини тизимли таҳлил қилиб бориш, турли соҳаларда амалга оширилаётган туб ўзгаришларни ҳисобга олиш, шунингдек мазкур йўналишдаги ишларнинг самарадорлигига тўсиқ бўлаётган муаммоларни бартараф этиш;

давлат ҳокимияти ва бошқаруви тизимини такомиллаштириш, жамиятни демократлаштириш, илғор халқаро тажрибага асосланган давлат ва жамият қурилиши соҳасидаги ислоҳотларни амалга ошириш бўйича ташаббусларни илгари суриш;

давлат ва жамият ҳаётининг турли жабҳаларини тартибга солишга қаратилган НҲҲ ва уларнинг лойиҳаларини мамлакатимизнинг ўрнига таъсири нуқтаи назаридан комплекс баҳолаб бориш.
 
Кенгашнинг ишчи органлари – Молия ва Адлия вазирликлари. Ишчи органлар бўйича тақсимланган устувор бўлган халқаро рейтинг ва индексларда мамлакатимизнинг ўрнини яхшилашга қаратилган таъсирчан чоралар ишлаб чиқилиши ва амалга оширилиши ҳамда ушбу йўналишда тизимли халқаро ҳамкорлик олиб борилиши устидан Кенгаш томонидан назорат ўрнатилади.
 
Устувор бўлган халқаро рейтинг ва индекслар бўйича мамлакатимизнинг ўрнини яхшилаш – масъул давлат органлари биринчи раҳбарларининг фаолияти самарадорлигини баҳолашнинг бош мезонларидан бири. У бўйича энг муҳим кўрсаткичлар (KPI) белгиланди. Уларга эришиш мақсадида мутасадди вазирлик ва идоралар томонидан қуйидагилар ишлаб чиқилиши ва кенгашга тасдиқлаш учун тақдим этилиши лозим:

2020 йилнинг иккинчи ярми давомида амалга оширилиши лозим бўлган ташкилий чора-тадбирлар дастурлари (бир ой муддатда);

келгуси йилда амалга оширилиши лозим бўлган ташкилий чора-тадбирлар дастурлари (ҳар йил 1 декабрга қадар).
 
Уларда халқаро рейтинг ва индексларнинг навбатдаги нашрида зарур кўрсаткични қайд этишга қаратилган амалий таклифлар, шунингдек рейтинг ва индексларни эълон қилувчи ташкилотлар ҳамда уларни тузишда фойдаланиладиган ахборот манбалари билан ҳамкорлик қилиш механизмлари назарда тутилиши лозим.