Ўзбекистон | 12:15 / 06.06.2020
5536
4 дақиқада ўқилади

Наманган шаҳри, Қарши ва Марҳамат туманларида давлат органларига юридик хизматлар кўрсатиш марказлари ташкил этилади

Наманган шаҳар, Қарши ва Марҳамат туман адлия бўлимлари ҳузурида эксперимент тариқасида Давлат органлари ва ташкилотларига юридик хизматлар кўрсатиш марказлари ташкил этилади.

Фото: Depositphotos

Вазирлар Маҳкамасининг “Наманган шаҳар, Қарши ва Марҳамат туман адлия бўлимлари ҳузурида эксперимент тариқасида Давлат органлари ва ташкилотларига юридик хизматлар кўрсатиш марказлари фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги қарори лойиҳаси эълон қилинди.

Наманган шаҳар, Қарши ва Марҳамат туманларида давлат органлари ва ташкилотлари юридик хизматларининг штат бирликларини қисқартириш ҳисобига, эксперимент тариқасида Давлат органлари ва ташкилотларига юридик хизматлар кўрсатиш марказлари (Юридик хизматлар кўрсатиш марказлари) ташкил этилади.

Белгилаб қўйилишича, Юридик хизматлар кўрсатиш марказлари:

юридик шахс ҳисобланмайди ва туман (шаҳар) адлия бўлимларининг таркибидаги бўлинма сифатида фаолият юритади ва бевосита вилоят адлия бошқармаларига бўйсунади;

Наманган шаҳрида 5 та, Марҳамат туманида 4 та, Қарши туманида 3 та (1 та марказ бошлиғи ва етакчи юрисконсульт лавозимларидан ташкил топадиган) штат бирликларидан иборат бўлади. Бунда меҳнатга ҳақ тўлаш разрядлари бўйича марказ бошлиғи лавозими туман (шаҳар) адлия бўлимларининг бош маслаҳатчиси, етакчи юрисконсульт лавозими етакчи маслаҳатчиси лавозимларига тенглаштирилади;

ходимларига туман (шаҳар) адлия бўлимлари ходимлари меҳнатига ҳақ тўлашнинг амалдаги шартларига мувофиқ тариф ставкалари белгиланади, шунингдек, адлия органлари ходимлари учун назарда тутилган мартаба даражалари ва кўп йиллик хизматлари учун устама ҳақ миқдорлари татбиқ этилади;

таъминоти учун харажатларни молиялаштириш давлат бюджети маблағлари, қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан амалга оширилади.

Шундай тартиб ўрнатиладики, унга мувофиқ:

Юридик хизматлар кўрсатиш марказларининг қонуний фаолиятига бирон-бир тарзда аралашиш, тўғридан-тўғри ёки билвосита ноқонуний таъсир ўтказиш қатъиян тақиқланади ва бундай ҳаракат қонун ҳужжатларида назарда тутилган жавобгарликка сабаб бўлади;

экспериментни ўтказиш даврида кўрсатилган давлат органлари ва ташкилотлари томонидан Юридик хизматлар кўрсатиш маркази ходими билан келишмасдан (визасини олмасдан) қабул қилинган буйруқлари, фармойишлари, шартномалари ва юридик тусдаги бошқа ҳужжатлари ҳақиқий эмас деб ҳисобланади;

Юридик хизматлар кўрсатиш марказлари ходимлари мансаб мажбуриятларини бажариш чоғида юридик хизмат кўрсатилаётган давлат органлари ва ташкилотлари билан манфаатлар тўқнашувига олиб келадиган ёки олиб келиши мумкин бўлган шахсий манфаатдорликка йўл қўймаган ҳолда фаолият олиб борадилар;

туман (шаҳар) давлат органлари ва ташкилотлари билан Юридик хизматлар кўрсатиш марказлари ўртасида манфаатлар тўқнашувининг олдини олиш ва уни бартараф этишга доир чора-тадбирлар Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан қонун ҳужжатларига мувофиқ амалга оширилади;

туман (шаҳар) давлат органлари ва ташкилотлари билан Юридик хизматлар кўрсатиш марказлари ўртасида муносабатларда мазкур қарор талабларини бажаришда юзага келиши мумкин бўлган ноаниқликлар, шунингдек ушбу қарорда назарда тутилмаган масалалар адлия вазирининг буйруғи билан тартибга солинади.

Адлия вазирлиги туман (шаҳар) даражасидаги давлат органлари ва ташкилотларининг буйруқлари, фармойишлари шартномалари ва юридик тусдаги бошқа ҳужжатлари лойиҳаларини ишлаб чиқиш, уларни Юридик хизматлар марказлари билан келишишнинг ягона электрон тизимини ишга туширади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид