Ўтган ҳафтада Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси «Жаҳон савдо ташкилоти билан ишлаш бўйича идоралараро комиссия тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида»ги қарорни қабул қилди. Ушбу қарор тасдиқланишини Ўзбекистон томонидан Жаҳон савдо ташкилотига аъзолик йўлидаги навбатдаги қадам сифатида баҳолаш мумкин.

Умуман, сўнгги вақтларда Ўзбекистоннинг ушбу ташкилотга аъзолиги борасида сиёсатчилар, журналист ва блогерлар ҳамда турли таҳлилчилар томонидан кўп гапирилмоқда. Хўш, аслида бу қандай ташкилот, унга аъзо давлатлар қандай имконият ва мажбуриятларни олади?

Kun.uz мухбири Жаҳон савдо ташкилоти ва Ўзбекистоннинг унга аъзолиги масалалари атрофидаги шу ва бошқа саволлар юзасидан сиёсий таҳлилчи Камолиддин Раббимов билан интервью уюштирди.

Камолиддин Раббимов

– Камолиддин ака, Жаҳон савдо ташкилоти ўзи қандай ташкилот ва  нималарни кўзда тутади? Унга аъзо давлатлар қандай мажбуриятларни бўйнига олади ва қандай имкониятларга эга бўлади?

– Бу ташкилот 1995 йилда ташкил қилинган. Унинг марказий стратегик вазифаси бутун дунё давлатлари ўртасидаги савдо-иқтисодий муносабатларни тартибга солишдир. Дунё давлатлари катта ҳажмда ўзаро савдо-сотиқ қилади. Ташкилотнинг асосий вазифаси мана шу савдо-сотиқ муносабатларини тартибга солиш ва шу тартибни ташкилот доирасида доимий назорат қилиб боришдир. Аслида ЖСТ назорат ташкилоти эмас, унда ўрнатилган тартибларни ташкилот доирасидаги бир қанча суд тизимлари ва ўзаро келишувлар асосида ҳал қилиб боришга ҳаракат қилади. ЖСТнинг вазифаси давлатлар ўртасидаги савдо муносабатларини тартибга солиш, улар ўртасида тенглик ўрнатиш, ривожланаётган, иқтисодиёти нисбатан заиф бўлган давлатларга қўшимча имкониятлар бериш эканлиги айтилади. Лекин аслида вазият анчагина мураккаб.

Давлатларнинг ҳақ-ҳуқуқлари тенг эканлиги айтилади, бироқ уларнинг имкониятлари тенг эмас. Инсонларники сингари давлатларнинг ҳақ-ҳуқуқлари тенг эканлиги халқаро қонунчиликда айтилади, лекин бу имкониятлардан қандай фойдаланиш давлатларнинг умумий ресурсларига бориб тақалади. Дунёнинг энг катта иқтисодиёт эгалари – АҚШ, Ғарбий Европа давлатлари, Хитой, Японияга ўхшаган давлатлар шу сингари ташкилотлардан унумли фойдалана олади, унинг фаолияти ўз манфаатларига тўғри келмаганида бу ташкилотнинг у ёки бу лойиҳаларидан чиқиб туради ёки қўшилмайди ёки танқид қиладиган ҳолатлари ҳам бор. Бу мураккаблик томони. Умуман олганда, дунёнинг аксарият давлатлари ЖСТга аъзо, фақатгина 3-5та давлат унга аъзолик учун ариза бермаган. Булар – Шимолий Корея, Туркманистон, Эритрея каби давлатлар. Тахминан 10-15га яқин давлатлар кузатувчи мақомида, яъни ташкилотга аъзо бўлиш жараёнида турибди, жумладан, Ўзбекистон ҳам.