Кеча, 7 июнь куни шу ташриф якунлари бўйича бир қатор вазирлик ва ташкилот раҳбарлари Пресс-клубнинг навбатдаги сонида чиқиш қилди. Тадбир якунида журналистлар томонидан Қишлоқ хўжалиги вазири ўринбосари Баҳодир Холиқов интервьюга тортилди. Унда вазир ўринбосари президентнинг вилоятга ташрифи ҳамда соҳага оид бошқа бир нечта саволларга жавоб қайтарди.
– Бир муддат аввал Қозоғистон томони Ўзбекистонга ун етказишга оид квота белгилаган эди. Квота бугунги кунда ҳам амалдами ва бу бизга қандай таъсир қилади?
– Бу ҳали ноаниқ.
– Хўш, унда бизнинг ун захирамиз ҳақида маълумотга эгадирсиз...
– Бу соҳанинг ўз мутахассислари бор. Мен сизга фақат ғалла етиштириш бўйича маълумот бера оламан. Айни кунларда ғалла йиғим-терими жараёни кетяпти. Бу йил апробация қилганмиз. Бу йил суғориладиган майдонларнинг ҳар гектаридан 60-65 центнердан ҳосил етиштириш имкониятимиз бор. Ҳозир ғалла мустақиллигига кўп эътибор берилмоқда. Бизнинг эндиги вазифамиз ғалланинг сифат кўрсаткичларига эришиш.
Биз ғалла навларини олиб келиш ва экиш бўйича Россия Федерацияси билан ҳамкорлик қиламиз. Андижонда дон ва дуккакли экинлар етиштириш бўйича илмий тадқиқот институти бор. Бундан ташқари, Қашқадарёда ушбу институтнинг филиали бор. Бу институтларда ғалланинг оқсил ва клековина сифати бўйича ҳам иш олиб бориляпти.
Ҳозирга вақтда Ўзбекистоннинг суғориладиган майдонларида 50 фоиз ўзимизнинг маҳаллий буғдой навлари экилади. Бундан 7-8 йил аввал биздаги ғалла навлари бармоқ билан санарли даражада эди.
Ҳозир ғаллачиликда биргина муаммомиз борки, бу – ғалланинг эртапишар навларини яратиш. Кўряпсиз, иқлим ўзгариб боряпти. Ғалла шундай экин. У биологик жихатдан иссиқда қолиб кетмаслиги керак. Ғалла иссиқда қолса ундаги сифат кўрсаткичи тушиб кетади. Олимларимиз 240-250 кунда пишадиган ғаллани 210 кунда пишириш устида ишлаяпти. Агар бир шу кўрсаткичга эришсак уни июнь ойида эмас, май ойида йиғиб олишимиз мумкин бўлади.

– Президент Мирзиёев вилоятга ташрифи давомида Фарғонанинг қишлоқ хўжалигидаги имкониятлари ҳақида гапирди. Вазирлик бу борада қандай лойиҳаларга эга?
Ҳақиқатдан ҳам, давлат раҳбари бу ташрифи давомида вилоятда ғалла етиштириш ва қишлоқ хўжалигидаги очилмаган имкониятлар ҳақида гапирди.














