ХТВ ахборот хизматининг хабар беришича, янги университет таълим тизимига жаҳоннинг илғор стандартларини киритиш, дунёнинг етакчи олий таълим муассасалари билан ҳамкорликни йўлга қўйиш, иқтисодиётимизнинг турли тармоқлари учун малакали кадрлар тайёрлаш, айниқса, замонавий бошқарув механизмларини жорий этиш учун зарур бўлган педагог ва бошқарувчи кадрларни тайёрлаш билан шуғулланади.
Университет томонидан белгиланган қабул параметрлари доирасида Халқ таълими вазирлиги ҳамда Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Президент, ижод ва ихтисослаштирилган мактабларни ривожлантириш агентлиги буюртмасига кўра The Times Higher Education “World University Rankings” рейтингидаги дунёнинг энг юкори 1000 таликка кирувчи олий таълим муассасалари дастурлари асосида тегишли йўналишлар бўйича мутахассисларни тайёрлаш ва қайта тайёрлашни амалга оширилади. Иқтидорли ёшлар учун имтиёзли грантлар ажратилади.
Битирувчилар республикамизнинг барча ҳудудларидаги умумий ўрта таълим муассасаларида STEAM (Science – фан, Technology – технология, Engineering – инженерлик, Arts – санъат, Math – математика) фанларини бемалол инглиз тилида халқимиз фарзандларига таълим берадилар. Бу эса мамлакатимиздаги мактабларда янги авлод ўқитувчиларини тайёрлаш учун асос бўлади. Таъкидлаб ўтиш керак, ҳозирча STEAM фанлар фақат Президент мактабларида инглиз тилида хорижий педагоглар томонидан олиб борилмоқда.
Ушбу мақсадлар учун потенциал инвесторга Тошкент шаҳар, Яшнобод тумани, “Ғалабанинг 40 йиллиги” 2-мавзесида жойлашган қурилиши тугалланмаган бино ва иншоотлар инвестициявий ва ижтимоий мажбуриятларни бажариш шарти билан “ноль” харид қийматида берилади.
Потенциал инвестор ўз маблағлари ҳисобидан университет фаолиятини молиялаштириш, объектларни реконструкция қилиш, капитал таъмирлаш, жиҳозлаш ва фойдаланишга топшириш, шунингдек, уларга тегишли ҳудудни ободонлаштириш каби инвестиция мажбуриятларини бажариши лозим.
Шу билан бир каторда, ижтимоий мажбуриятлар бажариш доирасида шартли равишда 10 йил давомида илғор хорижий олий таълим муассасалари дастурлари асосида йилига бепул 100 тадан педагог тайёрлаб берса ва ушбу дастурлар бўйича йилига тахминан 15 млн.сўм харажат қилса, унинг мазкур мажбурияти суммаси тахминан 60,0 млрд.сўмни ташкил қилади (100 битирувчи х 4 йил ўқиш давомийлиги х 15 млн.сўм йилига х 10 та гуруҳ). Яъни, юқорида кўрсатилган объектни бериш ҳисобига давлат бюджетидан камида шу миқдордаги маблағни сарфламасдан замонавий кадрлар тайёрланишига эришилади.
Ўз навбатида, ушбу дастурда қатнашиш учун энг билимли мактаб битирувчилари хорижий ҳамкор университетлар вакиллари томонидан имтиҳон қилиб олинади ва уни муваффақиятли якунлаган битирувчилар халқаро дипломларга эга бўладилар.







