ХХI асрда дунё АҚШ президентлари билан боғлиқ иккита диққатга молик ҳодисага гувоҳ бўлди. Биринчиси –  мамлакатда ниҳоят афроамерикалик президент бўлди. Ҳа, кечагина, XX асрнинг 70-йилларигача қора танлиларни одам ўрнида кўрмайдиган, қонун билан уларнинг ҳақ-ҳуқуқларини чеклаб қўйган АҚШда ХХI асрга келиб қора танли инсон президент бўлди. Иккинчи эътиборли воқеа – миллиардер одамнинг АҚШ президенти бўлганидир. Яъни, Дональд Трамп.

Тўғри, АҚШ тарихида бой президентлар аввал ҳам бўлган, аммо уларнинг орасида миллиардери йўқ эди. Шу жиҳатдан Трампнинг АҚШ президенти бўлиши ноодатий ҳодиса бўлди. Бу миллиардер-президент Финляндия мустақил давлат эканини, Буюк Британияда ядро қуроли борлигини билмайдиган даражада «доно» бўлиши ундан-да ноодатий воқеа. Ахир АҚШ президенти бўлган инсонларнинг аксарияти қанчалик юксак билимли бўлганига тарих гувоҳ.

Трамп президентликка келганидан буён ғалати гаплари, баёнотлари, қарорлари билан кўпчиликнинг ҳайратланишига сабаб бўлиб келмоқда. Масалан, АҚШнинг ЮНЕСКО сафидан чиқиб кетиши ҳақида гапирадиган бўлсак, у Барак Обама даврида бошланган жараённи ижобий тугатиб қўйиш имкониятига эга бўлишига қарамасдан, аксинча вазиятни мураккаблаштириб юборди. Ёки бўлмаса, Хитой билан иқтисодий уруш мамлакатга фақат зарар келтирди.

Трамп ўтган йил яна бир жиддий можарога ўралашиб қолди – унга импичмент хавф солди. АҚШ президенти жорий йилда ҳам бир қанча синовларни бошидан ўтказяпти ва уларнинг аксарияти Трамп учун нохушлик билан тугамоқда. Қуйида сўнгги икки йилда Трампнинг рейтингини туширган воқеаларни эслаймиз.

Хитой билан савдо уруши

Трамп Хитой билан савдо урушини 2018 йилда бошлади. Ўшанда у Хитой компанияларини АҚШ билан савдо муносабатларида ғирромлик қилишда айблаб чиқди ва Чин юртидан келадиган маҳсулотларга божни ошира бошлади. Албатта, Хитой томони ҳам қараб турмади ва АҚШдан Хитойга кириб келадиган маҳсулотларга бож жорий қилди. Ўшангача АҚШ маҳсулотлари Хитойга божсиз кирган.

Аммо кучлар тенг эмасди. Гап шундаки, 2015-2017 йилларда икки мамлакат ўртасидаги савдо айланмаси йилига 600-700 миллиард долларни ташкил этган ва бунда Хитой мусбат сальдога эга бўлган. Аниқ рақамларга қарайдиган бўлсак, савдо айланмасининг 500-550 миллиард доллари Хитой экспортига, атиги 100-150 миллиард доллари АҚШ экспортига тўғри келган. Бу ҳам Трампнинг Хитой маҳсулотларига божни оширишига сабаб бўлгандир.

Қўлланган «чоралар» сабаб 2018-2019 йилларда Хитойнинг АҚШга экспорти бироз пасайди. Аммо норасмий маълумотларга кўра, Хитой 2018-2019 йилларда ҳам АҚШга аввалги йиллардан кам бўлмаган экспортни амалга оширган. Яъни, бож тўлаши лозим бўлган Хитой маҳсулотлари АҚШга Ҳонгконг ва Вьетнам маҳсулотлари бўлиб кирган.