Жамият | 11:51 / 11.07.2020
79149
2 дақиқада ўқилади

Тойлоқлик ёш она: дастлабки натижалар чақалоқ ҳақиқатан ҳам унинг ўз фарзанди эканини тасдиқламоқда

Kun.uz сайтида Тойлоқ туман тиббиёт бирлашмасида фарзандини дунёга келтирган ёш онанинг ноқулай аҳволга тушиб қолгани ҳақида мақола эълон қилинганди.

Мақолада фарзанди операция йўли билан туғилгач, она жисмоний ҳолатидан келиб чиқиб, чақалоқни қўлига олиб қарай олмагани, шифокорлар эса ташқарида унинг яқинларига ўғил фарзанд туғилганини хабар қилишгани, аммо икки кундан сўнг чақалоқ қиз бола экани айтилгани ҳақида сўз боради.

Ушбу ҳолат юзасидан Тойлоқ туман ҳокимлиги ҳамда Самарқанд вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси ахборот хизматлари муносабат билдирди.

Ахборот хизмати берган хабарда айни вақтда ҳолат юзасидан туман ички ишлар бўлими терговга қадар текширув ҳаракатларини олиб бораётгани айтилган.

Туман прокуратурасининг маълум қилишича, чақалоқ ва унинг отасидан қон таҳлили олинган. Ота ва қизнинг қон гуруҳий мансублиги бир хил натижа кўрсатган.

«Шу таҳлилнинг ўзиёқ Ф.Облобердиеванинг фарзанди аслида ҳам қиз бола эканини тасдиқламоқда. Бироқ ота-онанинг бу таҳлилдан кўнгли тўлмаса, ДНК экспертизаси ўтказилиши мумкин», – дейилади муносабатда.

Kun.uz чақалоқнинг яқинлари билан боғланди. Улар айни вақтда қизалоқни уйларига олиб кетишгани ва туман прокуратураси ташаббуси билан ДНК экспертизаси учун намуна олинганини маълум қилишди.

Мавзуга оид