Kun.uz мухбири Тошкент шаҳар тез тиббий ёрдам станцияси қошида янги ташкил қилинган call-маркази фаолиятини ўрганди. Маълум бўлишича, бу call-марказ Чилонзор тиббиёт коллежи директори Ҳусниддин Раҳмонов ташаббуси билан ташкил қилинган ва бу ерда фақат кўнгиллилар ишлайди.

Kun.uz мухбири тиббиёт коллежи директорига бу марказ ташкил этилиши фикри қандай пайдо бўлгани ҳақидаги савол билан мурожаат қилди.

«Республикадаги умумий аҳволдан хабардор эдик. «Тез ёрдам»даги кечикишлар ва халқнинг муносабатини кузатиб турганимиз учун биз шифокорлар ҳам уйда ўтира олмасдан коллеж жамоаси билан Соғлиқни сақлаш вазирлигига мурожаат қилдик.

Ҳали тўғридан тўғри бориб тиббий ёрдам кўрсатишга ҳуқуқий асосимиз бўлмаса-да, лекин call-марказда ҳозир тиббиёт муассасаларида бевосита ишлаган ва тажриба орттирган малакали мутахассислар йиғилган», дея маълумот берди коллеж директори.

Ҳусниддин Раҳмонов

Унинг таъкидлашича, Тошкент шаҳар «Тез ёрдам» станцияси бир кунда 2 минг чақириқни қабул қилиш имконига эга. Лекин бугунги кунда чақириқлар сони 3 баробар ошган. Бу кўрсаткич ошиши «Тез ёрдам» машиналари ва мутахассисларини ҳам етказиб беришни имконсиз қилиб қўймоқда. Call-марказдаги малакали мутахассислар мурожаатларни саралаб, ҳақиқатан ёрдамга муҳтож, тана ҳарорати кўтарилган беморлар ҳақидаги маълумотлари «Тез ёрдам»га йўналтирмоқда.

«Сall-марказнинг мурожаатларни саралаши ҳам катта аҳамиятга эга бўлмоқда. Сабаби «Тез ёрдам»дагилар ўзлари сараласа, вақт йўқотилиши мумкин. Бундан ташқари, бизга қўнғироқ қилиб тиббий маслаҳат сўрайдиганлар ҳам бўлади. Уларга ҳам жавоб бериб боряпмиз. Дориларни қандай қабул қилиш кераклиги ёки бошқа бирор шикояти бор беморлар ҳам касалхоналарга жойлаша оладими ёки йўқлиги ҳақида маълумот бериб борамиз», дейди мутахассис.

Ҳусниддин Раҳмонов сўнгги пайтларда ижтимоий тармоқларда Call-марказларда ходимлар мажбурий тарзда ишлаётгани ҳақида маълумотлар тарқалаётгани ҳақидаги саволга муносабат билдириб, бу марказда ишлаётган ходимлар ўз хоҳиши билан фаолият юритаётганини қайд этди.

«Бу ерда ҳеч ким мажбур бўлганидан ишлаётгани йўқ. Буни ходимларнинг хатти-ҳаракатлари ва фаолиятини кузатиб сезиш мумкин. Call-марказдаги шифокорлар ҳозир ўз фуқаролик ва касбий бурчини бажариш учун меҳнат қилишмоқда. Масалан, бугун эрталаб эр-хотин шифокорлар кўнгилли тарзда марказда ишлаш учун келишди. Улар ҳатто ўз шахсий автомобилида жойларга чиқиб беморларга ёрдам кўрсатиш ниятида», дейди у.