Ўзбекистон | 17:14 / 19.07.2020
44076
2 дақиқада ўқилади

Тошкентнинг уч ҳудудида коронавирус беморларини қабул қилиш масканлари ташкил этилди

Тошкент шаҳрининг уч ҳудудида - Учтепа тумани ҳудудидаги Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетининг ётоқхонасида, Чилонзор тумани ҳудудидаги хусусий клиникада ҳамда Юнусобод туманидаги «Ўзэкспомарказ» кўргазма марказида янги беморлар учун вақтинчалик жойлар ташкил этилди.

Фото: Тошкент шаҳар прокуратураси / Gazeta.uz

Бугун, 19 июль куни Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори Ниғматилла Йўлдошев, Тошкент шаҳар прокурори Баҳриддин Валиев Covid-19 билан касалланган беморларни қабул қила оладиган бир неча масканларни бориб ўрганишган. 

«Жумладан, бугун улар Учтепа туманида жойлашган Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетининг ётоқхонасида беморларни даволаш учун ташкил этилган жойни ўрганиб, даволаш жараёнида қулайликлар яратилиши борасида мутасаддиларга тегишли кўрсатма ва тавсиялар беришди. 

Шунингдек, туман масъуллари билан бирга Чилонзор туманида жойлашган «CARDIO STAR PLUS» МЧЖда 50 нафар бемор учун захира койка-ўринлари, у ердаги шарт-шароитлар, даволаниш учун керакли дори воситалари ҳамда ускуналар билан жиҳозланганлигини ўргандилар.

Бундан ташқари, Тошкент шаҳар ҳокими ва мутасаддилар билан бирга Юнусободдаги «Ўзэкспомарказ» майдонларида коронавирусга чалинган беморларни жойлаштириш учун яратилган захира койка-ўринларни кўздан кечиришди», дейилади Бош прокуратура матбуот хизмати хабарида.

Бундан аввалроқ Тошкент шаҳри ҳокимлиги «Ўзэкспомарказ»да коронавирусга чалинган беморлар учун койка-ўринлар тайёрлаётгани, бу коронавирусга чалингани гумон қилинган беморларга аниқ ташхис қўйиш ва касаллик даражасини аниқлаш, шунингдек, беморларга биринчи ёрдам кўрсатиш ва уларни клиникаларга тақсимлаш маркази бўлиши ҳақида хабар қилинганди.

Мавзуга оид