Ўзбекистон | 18:49 / 23.07.2020
5375
4 дақиқада ўқилади

2020 йилда IT-парк резидентлари 321 млрд сўмлик дастурий маҳсулот яратишди, хорижга 5,1 млн. долларлик маҳсулот экспорт қилишди – Шуҳрат Содиқов

Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири Шуҳрат Содиқов йил бошидан бери IТ-Парк резидентлари томонидан 321 млрд сўмлик дастурий маҳсулот яратилгани, экспорт ҳажми 5,1 млн. долларни ташкил этганини маълум қилди.

Фото: Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ахборот хизмати

«Ахборот-коммуникация технологиялари соҳасида рақобатбардош маҳсулотлар ва хизматларни ривожлантириш учун қулай шарт-шароитлар яратиш, уларни ички ҳамда ташқи бозорларда илгари суриш, инновацион ишланмаларни рағбатлантириш мақсадида барпо этилган Дастурий маҳсулотлар ва ахборот технологиялари технологик парки (IT-парк)нинг резидентлари ҳисобланган 392 ташкилотда бугун тўрт минг нафар мутахассис фаолият юритмоқда. Энг муҳими, ушбу ташкилотларнинг 14 таси хорижий капитал иштирокида ташкил этилган бўлса, 54 таси янги очилган.

Мазкур IT-паркда зарур инфратузилма, жумладан, замонавий лабораториялар, коворкинг- марказ ҳамда офис майдонлари тақдим этилган. Технопаркда резидентларга молиявий, маркетинг, юридик ва бошқа консалтинг хизматлари кўрсатилади. Яна бир муҳим жиҳат шундаки, резидентлар учун молиявий имтиёзлар ҳам берилган: улар 2028 йилнинг 1 январига қадар барча солиқ ва давлатнинг мақсадли жамғармаларига мажбурий ажратмалардан, шунингдек, бир марталик ижтимоий тўловлардан озод қилинган.

Йил бошидан бери IТ-парк резидентлари томонидан жами 560 дан ортиқ янги иш ўринлари яратилди. Яратилган дастурий маҳсулотлар ва кўрсатилган хизматлар ҳажми 321 млрд. сўмни, хусусан, экспорт ҳажми 5,1 млн. долларни ташкил этди», дея Шуҳрат Содиқовнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Вазирнинг қайд этишича, IT-паркнинг ҳудудий филиалларини ташкил этиш бўйича жойлардаги маҳаллий ҳокимликлар билан қўшма қарорлар имзоланиб, ҳар бир лойиҳа бўйича бажариладиган вазифалар тасдиқланган.

«Тошкент шаҳрида IT-парк резидентлари сонини кўпайтириш ҳамда етарли шарт-шароитлар яратиш мақсадида умумий майдони 408 минг кв. метрга тенг ҳудудда хориждан жалб қилинган эксперт билан ҳамкорликда IT-парк инфратузилмаси объектларини қуриш концепцияси ишлаб чиқилди. IT-паркнинг ҳудудий филиалларини ташкил этиш бўйича жойлардаги маҳаллий ҳокимликлар билан қўшма қарорлар имзоланиб, ҳар бир лойиҳа бўйича бажариладиган вазифалар тармоқ жадваллари тасдиқланди.

IT-паркнинг ҳудудий филиаллари бинолари Андижон («Digital city» технопарки), Фарғона (IT-Парк Марғилон филиали), Сирдарё (IT-парк Гулистон филиали) вилоятларида фойдаланишга топширилиб, Андижон филиалида 10 та ва Марғилон филиалида 7 та резидент фаолият юритмоқда. Шунингдек, Наманган (5800 кв.м), Нукус (12000 кв.м), Самарқанд (12000 кв.м), Урганч (9200 кв.м) ҳамда Жиззах (850 кв.м) шаҳарларида IT-парк филиали биноларини қуриш бўйича тегишли ишлар амалга оширилмоқда», дейди у.

Шуҳрат Содиқовнинг Kun.uz’га маълум қилишича, айни пайтда соғлиқни сақлаш, таълим, транспорт, тадбиркорлик ҳамда туризм йўналишида таҳсил олаётган талабалар ўртасида энг яхши мобил иловаларни ишлаб чиқиш бўйича mGovAward биринчи республика танлови ўтказилмоқда. Танлов учун Бирлашган Араб Амирликлари томонидан 100 минг доллар ажратилган ва 3 та муносиб жамоа мазкур маблағ ҳисобидан рағбатлантирилиши кўзда тутилган.

Бундан ташқари, АҚШнинг USAID агентлиги билан биргаликда IТ-парк томонидан инкубация ва акселерация дастурлари ҳамда аёллар тадбиркорлигини ривожлантириш учун қиймати 140 минг долларлик тадбиркорлик ва бизнес-муҳитни ривожлантириш лойиҳаси амалга оширилаётгани айтилди.

Мавзуга оид