«Коронавирус пандемияси даврида дунё бўйлаб сунъий нафас олдириш ускуналарига бўлган эҳтиёж тобора ортмоқда. Айниқса аҳволи оғирлашган беморлар учун кислород концентраторлари жуда муҳим аҳамиятга эга.

Шу сабабли, бу турдаги маҳсулотларни тадбиркорлар томонидан республикамизга ҳеч қандай тўсиқларсиз олиб кирилишига алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 3 апрелдаги «Коронавирус пандемияси даврида аҳоли, иқтисодиёт тармоқлари ва тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПФ-5978-сон Фармони билан тасдиқланган рўйхатга мувофиқ озон, кислород ва аэрозол терапияси учун сунъий нафас олиш ёки бошқа терапевтик нафас олдириш аппаратларини Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб киришда 2020 йил 31 декабрга қадар божхона божи ва акциз солиғидан озод қилинган.

Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг «Коронавирус пандемияси даврида дори воситалари, тиббий буюмлар ва тиббий техникалар муомаласини тартибга солишга доир чора-тадбирлар тўғрисида»ги 2020 йил 22 июлдаги 449-сон қарорига мувофиқ, 2020 йил 1 октябрга қадар бўлган муддатда кислород концентраторлар импорт қилинганда давлат рўйхатидан ўтказилмасдан ва мажбурий сертификатлаштирилмасдан божхона расмийлаштирувини амалга ошириш ва реализация қилиш белгиланди.

Мазкур имтиёзлардан самарали фойдаланган ҳолда ташқи иқтисодий фаолият иштирокчилари томонидан сўнгги 1 ҳафта давомида республикамизга қиймати 4,3 млн АҚШ долларига тенг 394 дона ўпкани сунъий шамоллатиш ускуналари ҳамда қиймати салкам 2,9 млн. долларга тенг 5899 дона кислород концентраторлари келтирилган бўлиб, мазкур тиббий жиҳозлар келтирилган куннинг ўзидаёқ соддалаштирилган тартибда божхона расмийлаштирувидан ўтказилган.

Мазкур товарлар божхона органлари фаолиятига жорий қилинган «Хавфни бошқариш тизими» орқали асосан «яшил» йўлакларда расмийлаштирилган бўлиб, божхона расмийлаштирувига ўртача 1 – 1,5 соатгача вақт сарфланган.

Турли тушунмовчиликларни олдини олиш мақсадида тадбиркорлар эътиборига шуни етказиш лозимки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 10 апрелдаги «2019-2021 йилларда республиканинг фармацевтика тармоғини янада жадал ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПФ-5707-сон Фармони талабларига мувофиқ, 2019 йил 1 июлдан бошлаб импорт дори воситалари (дори субстанциялари бундан мустасно) ва тиббиёт буюмларини «эркин муомалага чиқариш (импорт)» божхона режимига расмийлаштиришда божхона қийматининг 1,2 фоизи миқдорида божхона расмийлаштируви учун йиғим ундирилиши ва ушбу йиғим Фармацевтика тармоғини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамғармасини шакллантириш манбааси сифатида белгиланган.