Kun.uz сайтида «Паст Дарғомда балиқчилар хонавайрон бўлмоқда. Туман раҳбарлари тадбиркорларга қасд қилганми?» сарлавҳаси остида танқидий материал эълон қилинган эди.

Унда туман прокуратураси протестига кўра, туман ҳокими Ш.Худойбердиев балиқчиликка ихтисослашган «Шомбулоқ сазан балиқлари» ҳамда «Анҳор суви» фермер хўжаликларига ажратиб берилган ер майдонларини аввалги туман ҳокими қарорини бекор қилиб, туман захирасига қайтариш бўйича асоссиз қарор чиқаргани танқид остига олинган эди.

Маълумки, Бизнес-омбудсманда тадбиркорлик субъектларининг манфаатларини кўзлаб судларга аризалар, даъволар ва шикоятлар билан мурожаат қилиш ҳуқуқи мавжуд.

«2020 йилнинг 7 ойи мобайнида Бизнес-омбудсман ходимлари томонидан тадбиркорлар манфаатини кўзлаб судларга 277та ариза, даъво ариза ва шикоятлар киритилди.

Судлар томонидан мазкур ҳужжатларни кўриб чиқиш натижаларига кўра чиқарилган қарорларга мувофиқ, бу даврда давлат идораларининг 197та ноқонуний қарори ҳақиқий эмас деб топилди, тадбиркорлар фойдасига 47 млрд сўм ундирилиши белгиланди.

Бугунги кунда оммавий ахборот воситаларисиз инсонлар ҳаётини тасаввур қилиб бўлмайди ва уларда ахборот ва сўз эркинлиги таъминланмоқда. Бизнес-омбудсман ҳам барча ОАВ билан ҳамкорликда тизимли ишламоқда ва тадбиркорлар ҳуқуқларини ҳимоя қилишда амалга оширилаётган ишлар мунтазам равишда ёритилиб бормоқда. ОАВда тадбиркорларни ҳуқуқлари бузилган ҳолатлар юзасидан чиқарилаётган мақолаларга тезкорлик билан чоралар кўрилмоқда», — дейилади Бизнес омбудсман матбуот хизматининг таҳририятга тақдим этган маълумотномасида.

Жумладан, Самарқанд вилояти, Паст Дарғом туманида фаолият кўрсатувчи «SHOMBULOQ SAZAN BALIQLARI» ва «ANHOR SUVI» фермер хўжаликлари ер майдонлари туман ҳокимлиги томонидан ноқонуний олиб қўйилгани бўйича Kun.uz сайтида танқидий мақола чиқарилган куннинг ўзида вазият Бизнес-омбудсман томонидан назоратга олинди ва тадбиркорни бузилган ҳуқуқларини тиклаш бўйича тегишли чоралар кўрила бошланди.