Ички ишлар вазири, генерал-лейтенант Пўлат Бобожонов ЎзА мухбири билан суҳбатда ходимлар томонидан фуқароларнинг ҳуқуқларини бузиш, уларга тазйиқ ўтказишнинг олдини олишга қаратилган чоралар ҳақида гапириб берди.

Унинг таъкидлашича, жорий йил 30 майда Андижон шаҳрида, январь ойида Қашқадарё вилоятининг Чироқчи туманида ички ишлар ходимлари томонидан содир этилган жиноятлар кечириб бўлмас ҳолатдир. Бу тизим шаънига катта доғ туширган.

“Уларнинг хатти-ҳаракати – халқнинг кенг муҳокамасига, ички ишлар органларига нисбатан салбий фикрлар шаклланишига ва тизимда ҳалол ишлаётган минглаб ходимлар меҳнатини пучга чиқаришга сабаб бўлди.

Барчанинг эътиборини шунга қаратмоқчиманки, агар ички ишлар бўлимига олиб келинган шахсга нисбатан жароҳат етказилганлиги аниқланса, бу фавқулодда ҳодиса сифатида баҳоланади. Зудлик билан ишчи гуруҳ тузилиб, воқеанинг барча тафсилотлари ўрганилади.

Илгари бундай салбий ҳолатлар оммавий ахборот воситалари томонидан кенг ёритилмасди, аҳоли хабардор этилмасди ва бу бизнинг фаолиятимизга холис баҳо беришга қайсидир маънода тўсқинлик қиларди.

Ички ишлар органлари ходимлари орасида, афсуски, ўзиникини тўғри, деб билиб, нотўғри йўлдан бораётган, ўз манфаатларини халқ манфаатларидан устун қўядиган, адашган ходимлар ҳам учрамоқда. Бундайларни аниқлаб, тизимдан бўшатяпмиз, уларнинг раҳбарларига нисбатан интизомий чоралар кўряпмиз”, - дейди вазир.

Унинг айтишича, жорий йилда бевосита вазирликнинг ўз хавфсизлиги хизмати ходимлари ташаббуси билан фуқароларни ноқонуний ушлаб, зўравонлик қилиш билан боғлиқ 5 ҳолат аниқланиб, уларга нисбатан қонуний чора кўриш учун материаллар прокуратура идораларига юборилди.

Жорий йилнинг ўтган даврида Ички ишлар вазири, вазир ўринбосарлари, вазирликнинг соҳавий хизматлари раҳбарларининг ҳар бири жойларда икки-уч марта энг қуйи бўғинда хизмат қилаётган сафдор ходимларгача бўлган даражадаги шахсий таркиб билан тарбиявий-профилактик йиғилишлар ўтказди.

“Тадбирларнинг якуни бўйича хизмат интизомини бузувчи 822 нафар ходимнинг хатти-ҳаракатлари меҳнат жамоалари ва ходимларнинг оила аъзолари ва ота-оналари иштирокида кўриб чиқилди. Натижада 173 нафари тизимдан бўшатилди, 114 нафари эгаллаб турган лавозимидан озод этилди, 65 нафар раҳбарлар ротация қилиниб, бошқа лавозимларга ўтказилди.