Бундай пайтда кислород концентраторларига бўлган эҳтиёж бениҳоя ортди ва уни имкон қадар кўпроқ импорт қилиш, импорт йўлида турган барча тўсиқларни олиб ташлаш керак бўляпти.

Куни кеча Вазирлар Маҳкамасининг 474-сон қарори билан ҳукуматнинг «Коронавирус пандемияси даврида дори воситалари, тиббий буюмлар ва тиббий техникалар муомаласини тартибга солишга доир чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорига ўзгартиришлар киритилиб, COVID-19 билан касалланган беморларни даволашда қўлланиладиган бир қанча тиббий буюмлар ва тиббий техника турлари, шу жумладан кислород концентраторлари рўйхатдан ўтказмасдан ҳамда сертификатлаштирмасдан импорт қилинадиган бўлди.

Бу жуда яхши, албатта. Бироқ кислород концентраторлари импортини янада жадаллаштириш, энг муҳими – чет элдан олиб келинаётган кислород концентраторларини моддий имконияти юқори бўлмаган аҳоли учун имкон қадар арзонлаштириш йўлида ётган тўсиқ – бу аппаратларни қўшилган қиймат солиғи ҳамон сақланиб қолмоқда.

Тўғри, кислород концентраторлари ҳозирда самолётдан тушганданоқ эгалари қўлига ўтиши, бошқача айтганда божхона расмийлаштируви жараёни максимал соддалаштирилиши таъминланди. Бироқ кислород концентраторларини сотиш – реализация қилиш жараёнида ҚҚСнинг амалда сақлаб қолингани якуний истеъмолчи – аҳолининг гарданига ортиқча юк бўлиб тушмоқда. Зеро, тадбиркор ўзининг барча харажатларни ҳар қандай вазиятда ҳам маҳсулот нархига қўшади. Чунки бу бозор қонуни.

Ҳозирча кислород консентраторларини қўшилган қиймат солиғидан озод қилиш билан боғлиқ вазият бўйича расмий идораларнинг муносабати қуйидагича бўлмоқда:

Давлат солиқ қўмитаси масала Молия вазирлиги ихтиёрида демоқда. Молия вазирлиги эса бу ССВ ҳузуридаги Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги ташаббуси билан амалга ошадиган жараён эканини айтмоқда. Агентлик ходими, ўз навбатида, масалага улар аралашолмаслигини маълум қилди.

Молия вазирлигига яна бир бор мурожат этилганда, масалада муаммо йўқлигини – кислород концентраторлари солиққа тортилмаслигини айтди, бироқ тадбиркорлар кислород концентраторлари реализация пайтида солиққа тортиш амалиёти бекор бўлмаганини, солиқ юки истеъмолчиларга тушаётганлигини айтишмоқда.