Жамият | 08:37 / 08.09.2020
109787
4 дақиқада ўқилади

Паст Дарғомда «1000 та жўжа спектакли»: Бош ролларда прокурор ва ўғлини камбағал қилиб кўрсатган «маҳаллақўм»

Kun.uz сайти Паст Дарғом тумани «Қўқони» маҳалласида «Темир дафтар»га кирган оила ҳақида мақола эълон қилганди. Аммо ҳозир гап жўжа билан камбағалчиликдан чиқиш ҳақида эмас. Хуллас, навбатдаги спектакль!

«1000 та жўжа билан беш ойда камбағалчиликдан чиқиш мумкинми?» сарлавҳали мақолада Достон Тиркашев исмли ёш йигитнинг тадбиркорликни бошлагани, секин-аста оила ўз имкониятларини тиклаб бораётгани ва унинг отаси айни вақтда Россияда (меҳнат муҳожиротида) эканлиги ёритилганди.

 Ушбу мақола эълон қилингач, ўша қишлоқдан кўплаб эътирозлар бўлди. Сабаби, Достоннинг отаси Россияда эмас, шу ерда – маҳалланинг раиси эканлиги айтилди! Қизиқ, ўша куни маҳалла раиси Ҳусниддин Турсуновнинг ўзи ҳам шу ерда, бизнинг ёнимизда эди-ку?!

Шу ўринда ўқувчида тасаввур пайдо бўлиши учун ўша кунги воқеаларга қисқача тўхталиб ўтсак. Суҳбатга туман прокурори Асрор Валиев сектор раҳбари сифатида бевосита гувоҳ бўлганди. Таъбир жоиз бўлса, мазкур хонадонни камбағалчиликдан чиқаришда бош-қош бўлаётганини тасдиқлаганди.

Маҳалла раиси Ҳусниддин Турсунов туман прокурори Достоннинг тадбиркорлик қилишига кўмаклашаётгани, қудуққа насос ташлаб бергани ҳақида гапирганди. Қолаверса, оилага давлат томонидан нақд пул кўринишда моддий ёрдам берилгани, уйи эса ҳашар йўли билан таъмирлангани ҳам маълум қилинганди.

Тасаввур қилинг: ўғил шу ерда, ота – маҳалла раиси шу ерда. Сектор раҳбари (прокурор!) эса ўзи ҳақидаги илиқ гапларни эшитиб, тасдиқлаб турибди! Йиғилганлар камбағал оилани намунали қилиб «темир дафтар»дан чиқариш бўйича спектакль «томоша қиляпти»!

Бизга аввалги мақолани ўқиган ўша қишлоқликлар мурожаат қилишгач, Kun.uz мухбирлари иккинчи марта ўша хондонга боришди.

«Қўқони» маҳалласи катта бир мегаполис эмаски, маҳалла раисини биров танимаса. Кўчада ҳамма маҳалла раисининг уйи шу, деб 1000 та жўжа боқилаётган уйни кўрсатди. Достоннинг укаси билан суҳбатлашдик. Буни қарангки, ёш йигит маҳалла раисининг фарзанди эканлигини биздан яширишга уринди. «Дадам Россияда, маҳалла раиси бу уйда турмайди», деди.

Ойни этак билан ёпиб бўлмади. Бир муддат ўтиб маҳалла раисининг ўзи — Ҳусниддин Турсуновни учратдик. У ўша куни шошгани, «Темир дафтар»га киритилган оила сифатида кимни кўрсатишни билмай қолганини маълум қилди.

Савол туғилади: Паст Дарғомда ҳақиқатда муҳтож оила йўқми? Давлатнинг кўмагини сезган, камбағалчиликдан чиқарилган, кўзбўямачиликсиз кўрсатиш мумкин бўлган хонадон топилмадими? Умуман, бунақа томоша кимга керак бўлди?

Хулосани биз қилмаймиз. Аммо шуниси аниқки, сектор раҳбари бўлмиш прокурорларнинг кўз олдида қўйилаётган бунақа спектакллар одамларнинг ишончи йўқолишига, давлат томонидан олиб борилаётган ислоҳотларнинг шубҳа остида қолишигагина хизмат қилади, холос.

Исомиддин ПЎЛАТОВ,
Kun.uz мухбири.

Мавзуга оид