Таҳририятимизга Бектемир тумани ва унга туташ ҳудудда яшовчи аҳолидан шикоят келиб тушди.

Мурожаатда аҳолининг Бектемир туман оқова сувни тозалаш корхонаси фаолиятидан норозилиги баён этилган бўлиб, билдирилишича, корхона фаолияти натижасида яқин атроф-ҳудудга узлуксиз тарзда ўта нохуш ҳид тарқалади. Бу ҳид нохушлиги билан бирга, аҳолининг саломатлигига ҳам салбий таъсир кўрсатмоқда.

Шикоят муаллифи Абдуқодир Жалиловнинг айтишича, бу муаммо 12 йилдан бери давом этяпти, аммо аҳоли масъул ташкилотларнинг ҳеч биридан тайинли жавоб ололмаган.

«Шаҳар ва республика экология қўмитасини 12 йилдан бери безовта қилиб келаман. Раҳбарлари алмашади, лекин аҳвол ўша-ўша. Шикоят хатларига панжа ортидан қараб жавоб беришади. Тошкент шаҳар ҳокимияти ҳам эътиборсиз, бирон чора кўргани йўқ. «Сувсоз» давлат унитар корхонаси ҳам пул берса, биз қиламиз, деган кўйда юрибди. Ваҳоланки, уларнинг ўзи ташаббус билан чиқиши керак», – дейди Баротхўжа маҳалласида яшовчи Абдуқодир Жалилов.

Абдуқодир Жалилов

Фуқаронинг сўзларига кўра, сув тозалаш корхонаси оқова сувларни етарли даражада тозаламаган ҳолда Чирчиқ дарёсига тўғридан тўғри оқизмоқда.

«Чирчиқ дарёсидаги балиқ хўжаликлари, уни истеъмол қилувчиларнинг ҳаммасида мутация пайдо бўлган. Балиқларнинг рангини ўзгартириб юбориб, песдек қилиб қўйган. Худди ўша балиқларнинг бозорларда сотувга қўйилганини ҳам кўрдим. Бунга ҳеч ким эътибор қаратаётгани йўқ.

На шаҳар Санитария-эпидемиология осойишталик маркази, на Соғлиқни сақлаш вазирлиги. Буни ким назоратга олиши керак?

Яқинда Тошкент шаҳрида 46та объектда сувга ноқонуний тарзда чиқиндилар ташланаётгани рўйхати эълон қилинди. Бу рўйхатда Чирчиқ дарёсига чиқинди ташлаётган Бектемир сув тозалаш корхонаси бўлиши керак, лекин у рўйхатда йўқ эди. Келиб чиқадики, Тошкент шаҳар ҳокимияти Бектемир корхонасини чиқиндини Чирчиқ дарёсига ташлаётганини фош этмоқчи эмас, бекитмоқчи. Чунки бу – «Сувсоз» ДУК, Тошкент шаҳар ҳокимиятини боқиб турган, пул келиб турган корхона. Абонентлардан, тадбиркорлардан пул оляпти», – дейди Абдуқодир Жалилов.

Абдуқодир Жалилов бизга тақдим этган маълумотларга кўра, Бектемир тумани ва унга қўшни туман МФЙлари мазкур муаммо бўйича турли йилларда масъул ташкилотларга ёзма мурожаатлар қилган. Уларга жавобан юборилган хатларда муаммонинг мавжудлиги тан олинса-да, ҳеч қандай амалий чора кўрилмаган.