14 сентябр куни Kun.uz'да «Бектемирдаги маҳаллалар 12 йилдирки бадбўй ҳид билан яшамоқда. Тадбиркорга шаҳар бедарвозами?» сарлавҳали мақола эълон қилинган эди.

Мақоланинг қисқача мазмуни қуйидагича: Бектемир туман оқова сувни тозалаш корхонаси фаолияти сабаб 12 йилдан бери атрофга нохуш ҳид тарқалади. Бунга маиший оқова сувларга қараганда саноат корхоналаридан ажралиб чиқадиган сувлар кўпроқ сабаб бўлаётгани айтилган. Белгиланган тартибга кўра, саноат корхоналари ўз оқоваларини дастлаб маҳаллий тозалаш тизимида тозалаб, кейин умумий канализация тармоғига ташлаши лозим. Назорат тадбирларида эса бу саноат корхоналарининг оқова сувлари таркибида зарарли моддалар улуши белгиланган меъёрлардан анча юқорилиги аниқланган.

Аммо Экология қўмитаси ва «Сувоқова» бошқармаси томонидан саноат корхоналарига локал сув тозалаш иншоотини ўрнатиш бўйича бир неча маротаба кўрсатма берилган бўлса-да, ўзгариш бўлмаган.

Иншоотнинг етарли даражада тозаланмаган суви Чирчиқ дарёсига оқизилмоқда

Kun.uz'да бу ҳақда мақола эълон қилингач, 16 сентябрь куни Бектемир туман ҳокимлиги ахборот хизмати муносабати акс эттирилган видеолавҳа чиқди. Аммо бу видеолавҳа муаммога жавобни эмас, балки янги саволлар ва ноаниқликларни келтириб чиқаради.

1-ноаниқлик

Ҳокимлик видеолавҳасидан парча: «Мутахассисларнинг маълумотларига кўра, иншоот анчагина эскирган ва кундан кунга оқова сув қувурларининг кўпайиши эвазига иншоот ҳидни ўзида сақлай олмаяпти».

Тошкент шаҳар экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси бошлиғи ўринбосари Фарҳод Деҳқоновнинг маълум қилишича, Бектемир оқова сувларни тозалаш иншооти аслида биологик тозалашга асосланган. Саноат корхоналари иншоотга йўналтираётган сувлар эса кимёвий ифлосланган. Шу боис иншоот технологик жиҳатдан бу сувларни етарлича тозалашга ихтисослашмаган, яъни иншоот аввалданоқ оқова сувнинг ҳидини тозалашга мўлжалланган эмас. Демак, ҳокимлик айтганидек бадбўй ҳидга «канализация қувурларининг кўпаяётгани» сабаб эмас.