«Маҳсулотлар сифати ва рақобатдошлигини ошириш учун миллий стандартларни жаҳон талабларига мослаштириш ҳамда корхоналарга жорий қилиш жуда муҳим ҳисобланади. Сўнгги йилларда мамлакатимизда стандартларнинг 43 фоизи халқаро меъёрлар билан уйғунлаштирилиб, уларнинг сони 12 мингтага етказилди. Бундай ишлар натижасида экспорт имкониятлари кенгаймоқда.
Мисол учун, 21та корхонада тўқимачилик ва трикотаж товарларига Европанинг «OEKO-Tex» ва «Sedex» стандартлари жорий қилинди. Жумладан, Андижондаги «Samo Textile» Европа бозорларига 5 миллион долларлик маҳсулот билан чиқди. Бухородаги «Bukhara Cotton Textile» МЧЖ ҳам АҚШ, Германия, Буюк Британия ва Туркияга 5 миллион долларлик экспорт қилди.
Шунингдек, маиший техника, кабель, тиббиёт буюмлари ишлаб чиқарувчи корхоналарда 17 турдаги маҳсулот хавфсизлигини тасдиқловчи машҳур «CE» маркировкаси жорий этилгани натижасида Европанинг 8та давлатига экспорт бошланди.
Бу борадаги ишлар изчил давом эттирилмоқда. Йил охиригача озиқ-овқат, металлургия, енгил саноат бўйича 14та лаборатория модернизацияси якунланади», дейилади президент матбуот хизмати хабарида.
Йиғилишда шу пайтгача бажарилган ишлар натижадорлиги таҳлил қилиниб, галдаги муҳим масалалар кўриб чиқилди.
Давлат раҳбари «Ўзстандарт» агентлигини миллий орган мақомига олиб чиқиш, корхоналарда янги стандартларни манзилли жорий қилиш асосий вазифа эканини таъкидлади.
«Миллий стандарт «овози жаранглаши»га эришишимиз керак», деди Шавкат Мирзиёев.

Келгуси йил якунига қадар халқаро стандартлар сонини 14 мингтага, уйғунлик даражасини 50 фоизга етказиш вазифаси белгиланди.
Мутасадди вазирлик ва уюшмаларга тўқимачилик корхоналарида «OEKO-Tex» меъёри, электр техникаси тармоғида «СЕ» маркировкаси ҳамда қишлоқ хўжалигида «Global G.A.P.» ва «Organic» тизимларини қўллашни кенгайтириш бўйича топшириқлар берилди. Халқаро стандартларни татбиқ қилаётган корхоналарга кўмаклашиб, бунга кетадиган харажатнинг бир қисмини Экспортни қўллаб-қувватлаш агентлиги томонидан қоплаб бериш муҳимлиги таъкидланди.
«Агар маҳсулот халқаро сертификатга эга бўлмаса, у ҳеч қачон рақобатбардош бўла олмайди. Мамлакатда ҳар бир тадбиркор стандартни билиши, таниши керак, шундай муҳит яратиш зарур», дея таъкидлади президент.



















