Канада ҳам хорижликларнинг мамлакатга келиб ишлаши учун қатор иммиграция дастурларига эга. Ушбу дастурлар ва Канадага бориш учун виза турлари, уларни олиш йўллари, иммигрантларга қўйиладиган талаблар ҳақида эса ҳамма ҳам билавермайди. Биз шу мавзуда Канадада ўз юридик фирмасига эга ўзбекистонлик юрист Раҳматжон Собиров билан суҳбат ташкил этдик.

– Раҳматжон ака, аввало, ўзингиз ҳақингизда қисқача гапириб берсангиз.

– Ҳозирда Канаданинг Торонто шаҳрида яшайман. Канадага кўчиб ўтганимга 15 йил бўлди. Канадада адвокатлик билан шуғулланаман. Шунингдек, Sobirov’s Law Firm юридик фирмасини бошқариб келаман.

Фирмамиз асосан чет эллик сармоядорлар ва тадбиркорларга Канада бозорига кириб келишда иммиграция масалаларида ёрдам беради.

– Канадага бориш учун виза олишнинг қандай йўллари бор?

– Канаданинг иммиграцион тизими ва сиёсатини тушунмасангиз, Канадани бошқа давлатларга ўхшатиб юборишингиз мумкин. «Масалан, Корея ёки Японияга боряпмиз, нега Канадага бора олмаймиз?» дейишади. Бу хато. Шунинг учун Канадани таниб олишимиз керак.

Канада 37 миллион аҳолиси бўлган, дунёнинг энг ривожланган 10 та давлатидан бири. Ялпи ички маҳсулоти, яшаш шароити ва иқтисоди жуда ривожланган давлат. Шу билан бирга, айни вақтда муаммолари бор: Канадада туғилиш кам.

Айрим иқтисодчиларнинг фикрича, Канада аҳолиси 50 миллионга чиқиши керак. Шундагина иқтисод бунданам яхши ривожланади. Шунинг учун Канада иммиграцион сиёсатга катта эътибор бермоқда.

Раҳматжон Собиров

Канада ҳеч қачон лоторея ёки омадга боғлиқ иммиграцион дастурлар чиқармаган. Фақатгина кучли танлов остида илмли, ўрта ёшли, тилни яхши биладиган, тажрибали одамлар келиши учун жуда кўп дастурлар яратиб қўйган.

Энг машҳур дастурларидан бири – «Express entry», яъни Канадага тезда кириш дастури. Бунга ўхшаш 60дан зиёд иммиграцион программалар бор.

Канадага келишга қарор қилган инсон биринчи навбатда ўзини таниб олиши керак. Яъни қандай муваффақиятларга эришган, ёши тўғри келадими, сармояси борми каби саволларга жавоб топиши керак.