15:28 / 07.10.2020
30954

«Ўзбекчорванасл» вакили гўшт нархи қимматлашишига ем нархи ошиши сабаб эмаслигини айтди

АОКАда ўтказилган матбуот анжуманида бозорларда маҳсулотлар нархи ошиши сабаблари таҳлил қилинди. Унда журналистларнинг озуқа нархи ошиши гўшт қимматлашишига таъсир қилиши ҳақидаги саволига жавоб берилди.

«Ўзбекчорванасл» агентлиги бошқарма бошлиғи Наргиза Омонбоева ем маҳсулотлари нархи ошиши бозорларда гўшт нархи ошишига олиб келмаслигини айтиб ўтди.

«Ем маҳсулотлари нархининг ошиши гўшт нархи ошишига олиб келмайди. Масалан, концентрант ем озуқасининг нархи ошса, ҳамма гўшт нархи ҳам ошади, деб ҳисоблайди. Қорамол ўтхўр ҳайвон, концентрант ем озуқаси эса унинг емишининг таркибий қисми ҳисобланади.

Ҳозир ем-хашак муаммосини ҳал қилиш учун хориждан ҳосилдорлиги юқори бўлган уруғларни харид қилиш ишлари олиб бормоқда», деди агентлик вакили.

Тошкент вилояти Ветеренария ва чорвачиликни ривожлантириш бошқармаси бошлиғи Нодир Маҳмудовнинг қайд этишича, пахтачилик кластерларининг 10 фоизига чорвачилик учун озуқа экишга, фермер хўжалиги учун ажратилган ерлар буғдой ва пахтадан озод қилиниб, ҳайвонлар учун озуқа етиштиришга рухсат берилганини айтиб ўтди.

Бундан ташқари, «Ўзбекчорванасл» агентлиги бошқарма бошлиғи Матёқуб Матёқубовнинг қўшимча қилишича, республикада 350 минг гектардан ортиқ ерга озуқабоп ўсимликлар экилган. Фермер хўжаликларининг ўзи 190 минг гектардан ортиқ ерга озуқабоп ўсимликлар етиштиради.

Kun.uz мухбири яйловлар танқислиги туфайли аҳоли чорва боқмай қўяётганини, ем-хашак нархи гўшт қимматлашишига бевосита таъсир қилиши ҳақида айтиб, яйловларни кенгайтириш учун қандай ишлар қилинаётгани ҳақида савол билан мурожаат қилди.

«Республикада 90 фоиз қорамол аҳоли қарамоғида ҳисобланади. Қолган 10 фоизи эса фермер хўжаликлари ихтиёрида. Албатта, фермер хўжаликларида қорамол сонини кўпайтириш бўйича ишлар қилинмоқда. Қорамолларнинг гўшт-сут йиғишида унинг зоти ҳам рол ўйнайди.

Ҳозир ҳар бир туманда 2тадан алоҳида фермер хўжаликлари ташкиллаштириляпти, уларда қорамоллар сони кўпайтирилмоқда.

Ҳар бир фермер хўжалигидаги молларни озуқа билан таъминлаш учун яйловлар ҳудуди ҳам кенгайтирилмоқда», дея жавоб берди Матёқуб Матёқубов.

Наргиза Омонбоева оилавий кооперациялар ҳам такшил этилаётганини айтиб ўтди.

«Бунда озуқа базаси, техникасига эга бўлган катта хўжалик атрофида ўнга яқин оилалар бирлашади. Оилалар фақат чорва парвариши билан шуғулланади. Озуқа ва керакли нарсаларни эса хўжалик таъминлаб беради.

Чорва боқишнинг ҳам ўз техникаси бўлади. Шунинг учун туманларда аҳолиси учун чорвачилик бўйича семинарлар ҳам ўтказилмоқда», деди у.

Top