Судда иштирок этган Kun.uz мухбирининг хабар беришича, мажлисда дастлабки сўз навбати аризачи вакилига тақдим этилди. «UzAutoMotors» АЖ вакили Александр Сахапов компания фаолиятига доир маълумотларни келтириб ўтди. Сўнгра, Монополияга қарши курашиш қўмитаси (МҚКҚ) вакили Улуғбек Давлатов қуйидаги савол билан унга юзланди:

Улуғбек Давлатов

«1996 йилда «Ўзавтомоторс» ўз фаолиятини бошлаган бўлса, 10дан зиёд (автомобиль) моделлар ишлаб чиқарган. Иқтисодий жиҳатдан ҳар бир технологияни эскириш суммаси бўлади. Технология 5 ёки 7 йилда эскиради, амартизацион харажатлар тўпланган ҳолда янги технология олиб киришга ёки технологияни янгилашга сарфланади. 1996 йилдан буён 10дан ортиқ модель олиб кирилган бўлса, уларга ҳам 5-7 йилдан ошиб кетган. Ўша муддати ўтган моделларни амартизацион харажатлари нимага сарфланган? Компания бизнес режасида «2та янги модель киритиш учун бизга қўшимча пул керак» деб кўрсатишган. «Ўзавтомоторс»да ҳозиргача 5та эскирган модель бор, демак, захирасида пул бўлиши керак. Шу пулларни нима қилишган», — деди у.

Александр Сахапов

Сахаповнинг айтишича, компания машиналари, хусусан «Дамас» ишлаб чиқарилганига 14 йил бўлган, унинг бутловчи қисм ва ускуналари бир неча бор янгиланган. Маблағлар эса ушбу ускуналарни самарадорлиги ва ишлаб чиқариш қувватини таъминлаш учун қайтадан инвестицияланади.

«Бу ҳам инвестиция талаб этади. Мен модель бутунлай янгиланган демоқчи эмасман. Аммо, биз моделлар қисмларини ҳар йили янгилаб борамиз», —дея жавоб берди у.

Компания вакили Наргиза Отахонованинг айтишича, ўтказилаётган суд, қўмита махсус комиссияси қарори ва текширувларнинг сабаби ҳукуматга киритилган маълумотномадир. У Монополияга қарши курашиш қўмитаси 2020 йил 12 мартда Бош вазир ўринбосари Сардор Умурзоқовга киритилган маълумотномадаги барча важи асоссиз ва сохта эканини таъкидлади.