Билимли йигит ёки қиз 189 балл тўплаган бўлса-да, тўлов-шартнома асосида қабул қилинган, лекин ундан анча паст балл олган абитуриент худди шу ОТМнинг худди шу йўналишига грантга ўқишга кирган ҳолатлар талайгина.

Тўғри, спорт мусобақалари ғолиблари умумий квотадан ташқари ҳисобланганда кўпчилик максимал балл тўплаган абитуриентлар грантга ўтказилди. Лекин ҳали ҳам максимал балл билан шартнома асосида талабаликка қабул қилинганлар сафида қолаётганлар кўп. Шундайлар орасида бўлажак тиббиёт кадрлари ҳам бор.

Улар шифокор бўламан деб қарор қабул қилганда ва ўзи танлаган йўналишга ҳужжат топшираётганда тасдиқланган қабул квотасида грант ўринлари бўлмагани учун максимал балл тўпласа ҳам шартнома асосида ўқишини билган. Лекин шунга қарамай қабулдаги тушунарсиз тартиб уларни адолат излашга мажбур қилмоқда.

Республика бўйича тиббиёт ОТМларининг кундузги бўлимларига соғлиқни сақлаш соҳасида олий маълумотли кадрларга эҳтиёж юқори бўлган ҳудудлар учун мақсадли қабул квоталари тасдиқланган. Унга кўра, тиббиёт ходимларига эҳтиёж юқори бўлган ҳудудда истиқомат қилувчи ёшлар ўқишни тугатганидан сўнг маълум муддат ишлаб бериш шарти билан мақсадли қабул танловида иштирок этади. Ва қайси туманга мақсадли қабул учун нечта ўрин ажратилган бўлса, даъвогар абитуриентлардан энг юқори балл йиғган шунчаси грант асосида талабаликка қабул қилинади.

Масалан, Тошкент Тиббиёт академиясининг даволаш иши йўналишига Бектемир тумани ёшлари учун мақсадли қабул асосида таълим ўзбек тилида олиб бориладиган йўналишда 2та грант ўрни ажратилган. Ва шу туман ёшлари учун грантга ўтиш 148,2 балл бўлган. Ваҳоланки, мақсадли қабул доирасида танловда қатнашмаганлар учун худди шу ОТМ, шу йўналишга тўлов-шартномага ўтиш балли 179,5 баллни ташкил қилган