Сенат қўмитаси раиси: «Яширин иқтисодиётга қарши курашишда иқтисодий фаолликка зарар етказиб қўймаслик лозим»
Жорий йил 8 октябрь куни Молия вазирлиги томонидан муҳокама учун эълон қилинган президентнинг “Яширин иқтисодиётни кескин қисқартириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони лойиҳаси жамоатчилик томонидан кенг муҳокама қилиниб, турли фикр-мулоҳазалар билдирилмоқда.
Олий Мажлис Сенати Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари қўмитаси раиси Эркин Гадоевнинг ёзишича, яширин иқтисодиёт турли шаклларда намоён бўлиши ва мамлакатда унинг даражаси юқорилигича қолаётганлиги ҳеч кимга сир эмас. Буни мамлакатнинг Иқтисодий эркинлик индексидаги ўрнидан ҳам кўрса бўлади. Хусусан, ушбу рейтингда республика 186 мамлакат орасида 114-ўринни эгаллайди.
“Албатта, сўнгги йилларда бизнесга қўшимча қулайликлар яратиш орқали яширин иқтисодиёт улушини камайтириш чоралари кўрилмоқда. Молия вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган Президент Фармони лойиҳаси ҳам ушбу ислоҳотларнинг давоми сифатида эзгу мақсадларни назарда тутиши шубҳасиз.
Бироқ яширин иқтисодиётга қарши курашишда иқтисодий фаолликка зарар етказиб қўймаслик лозим. Акс ҳолда олдимизга қўйилган мақсадлар ҳамда амалга оширилаётган ислоҳотларга салбий таъсир кўрсатиши мумкин”, - деб ёзади Эркин Гадоев.
Унинг сўзларига кўра, фармон лойиҳаси юзасидан соҳа мутахассислари, экспертлари, илмий доира вакиллари, журналист ва блогерлар томонидан оммавий ахборот воситалари ҳамда ижтимоий тармоқларда билдирилаётган фикр-мулоҳазаларни инобатга олган ҳолда Сенатнинг Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари қўмитаси Молия вазирлиги, Давлат солиқ қўмитаси ва Марказий банкка ўз таклифларини киритди.
“Ўйлаймизки, масъул вазирлик ва идоралар жамоатчилик фикрини эътиборга олиб, ушбу Фармон лойиҳасини қайта кўриб чиқади”, - дейди Сенат қўмитаси раиси.
Мавзуга оид
17:53 / 24.08.2024
АҚШнинг санкциялар сиёсати глобал яширин иқтисодиётни яратди — WSJ
19:26 / 07.05.2024
Қатъий белгиланган АОС сақланиб қолиши керак — эксперт
19:40 / 04.05.2024
“Хуфёна иқтисодиётга қарши кураш иллюзияси” — Солиқ қўмитасининг режалари нега танқидга учради?
11:29 / 01.05.2024