Kun.uz мухбири Давлат тест маркази директори ўринбосари Сардор Ражабов билан суҳбатда бўлиб, қабул жараёнига оид қатор саволларга жавоб олди.

Баллар ошишига сабаблар

– Бу йил тест синовлари олдингига қараганда бошқача шароитда ўтди. Ҳужжат топширган абитуриентлар сони ҳам кўпроқ бўлди. Тестлар ҳам соддалаштирилди, фанлар камайтирилди, биринчи қийинчилик даражасидаги саволлар кўпайтирилиб, тўртинчи қийинчилик даражасидаги саволлар олиб ташланди. Булар балл кўтарилишига, максимал балл олган абитуриентлар сони кўпайишига сабаб бўлди.

Бунга имтиҳонда фақат 2та мутахассислик фани қолдирилгани ҳам сабаб бўлди. Сабаби ўтган йилларда кўпчилик абитуриентлар учинчи фанни таваккал ишлар эди.

Нечта абитуриент максимал балл олди?

– Максимал балл олганлар кескин кўпайгани йўқ. Масалан, Тошкент давлат юридик университетида 400дан ортиқ максимал балл олганлар кузатилди, деган турли хабарлар тарқалди. Лекин бу ОТМда максимал олганлар 50та атрофида бўлган. Юридик университет азалдан ўзига ишонганлар ҳужжат топширадиган ва балл юқори бўладиган ОТМ ҳисобланади.

Максимал балл олган абитуриентлар сони билан боғлиқ статистикалар апелляция жараёнлари ҳам тўлиқ тугагач умумлаштирилади.

«Тенг балл тўплаган абитуриентнинг бири грантга, бири контрактга кирмаган»

– Тенг балл олган абитуриентлар масаласига келсак, уларнинг ҳеч бирининг ҳуқуқи чеклангани йўқ. Айтайлик, охирги грант ўрнига етадиган балл тўплаган абитуриент бир эмас, бир нечта бўлса, уларнинг ҳаммаси грант асосида қабул қилинди. Бир абитуриент грант асосида, қолганлар контракт асосида қабул қилингани йўқ. Контракт асосида талаба бўлганларнинг баллини ҳисоблашда ҳам худди шу тартиб қўлланилди.

Баллар юқори бўлишига саволлар такрорлангани сабаб эмасми?

– Йўқ, саволлар такрорлангани йўқ. Фақатгина бир сменадаги бир нечта абитуриентга бир хил савол тушган. Лекин ўтган сменадаги саволлар бошқа сменадаги абитуриентга қайта тушмаган.