16 октябрь куни Тошкент шаҳар маъмурий судида «UzAuto Motors»нинг Монополияга қарши курашиш қўмитаси махсус комиссияси қарорини ҳақиқий эмас, деб топиш тўғрисидаги шикоят аризасини кўриб чиқиш бўйича ўтказилаётган суд жараёни давом этди. Суд ишининг учинчи йиғилишида прокурор ўзгарди, Тошкент шаҳар прокурори ёрдамчиси Бабаяннинг лавозими ўзгариши муносабати билан унинг ўрнига ишда прокурор ёрдамчиси Эркин Воҳидов иштирок этди. Ишни кўриб чиқиш «UzAuto Motors» вакили саволлари билан бошланди.

«Биз қўмита томонидан судга тақдим этилган ҳужжатларни асослантириб, изоҳлаб беришини сўраймиз», — деди компания вакили.
Судья Ғолиб Давлатовнинг айтишича, «UzAuto Motors» қўмита махсус комиссияси қарорига ҳукуматга киритилган маълумотнома асос бўлганини таъкидлаб, ана шу маълумотномани асослантирувчи ҳужжатларни судга тақдим этишни сўраганди. Бу илтимоснома қаноатлантирилган ва Монополияга қарши курашиш қўмитаси судга асослантирувчи ҳужжатларни тақдим этди. Компания вакили эса эндиликда ана шу ҳужжатларни муҳокама этишни таклиф қилди.
«UzAutoMotors» судга махфий ҳужжатларни тақдим этди. Суд давом этмоқда
Вакилнинг билдиришича, келтирилган маълумотдаги автомобиль нархлари компания тақдим этган маълумотлар билан мос келади. Шу туфайли, қўмита компания позициясини ёқлаб, буни ҳужжатлар билан тасдиқлаган.

Монополияга қарши курашиш қўмитаси вакили Умматов мазкур ҳолатларга изоҳ берди:
«Ҳурматли суд, ўтган сафар жамият вакилларининг талабига асосан топшириққа киритилган далолатнома бўйича асослантирувчи ҳужжатларни бериш тақдим қилинган эди. Ҳужжатлар мазкур шаклда берилди. Ҳужжатлар нусхаси судга берилган. Бу ерда биз келтирилган маълумотларни асослаб, уларни рақамлаб ва уларга тегишли бўлган ҳужжатларни рақамлаб тақдим этдик. Тушунишимча жамият аъзосининг саволи мана шу ҳужжатлар мазмуни ҳақида. Ўтган сафар мажлисда жамият томонидан 4 масала юзасидан эътироз билдирган эди. Биринчиси маҳсулот таннархини икки фоизга камайтиришга эришилганлиги. Бу масала хатда кўрсатилган, рақобатбардошликни ўрганиш доирасида 2 фоиз дейилган. Рақобатбардошлик ўрганилган муддатда бу кўрсаткич корхона томонидан берилган маълумот хати билан берилган маълумотлар эди. У ерда бу сон 2,4 фоизни ташкил қилади, буни бутун ҳолда берадиган бўлсак 2 фоиз бу ҳолат сифатида кўрсатилган.

















