Ўзбекистон | 12:38 / 31.10.2020
7558
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон ва Туркия коронавирусга қарши турк вакциналарининг учинчи босқич синовларида ҳамкорлик қилиши мумкин

Истанбулда  Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгаши соғлиқни сақлаш соҳасида мувофиқлаштирувчи қўмита йиғилиши бўлиб ўтмоқда. Унда Алишер Шодмонов бошчилигидаги Ўзбекистон делегацияси ҳам иштирок этмоқда.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги Жамоатчилик билан алоқалар бўлими раҳбари Фурқат Санаевнинг хабар қилишича, анжуман доирасида Алишер Шодмонов Туркия соғлиқни сақлаш вазири Фахруддин Қовжа билан мулоқот ўтказди.

Ўзбекистон ва Туркия Соғлиқни сақлаш соҳасида мустаҳкам ҳамкорлик ўрнатган. Ўтган йил кузда Тошкентда бўлиб ўтган ўзбек-турк бизнес форуми доирасида Фахруддин Қовжа республикага ташриф буюриб, қатор икки томонлама манфаатли келишувлар имзоланган эди. 

Мулоқот давомида Фахруддин Қовжа мамлакатда тиббиёт соҳасида амалга оширилаётган ишлар, жумладан, коронавирусга қарши кураш борасидаги чора-тадбирлар ҳақида тўхталиб, ушбу масалаларда мамлакатлар ҳамкорлиги икки томон учун ҳам манфаатли эканини таъкидлади.

Ўз навбатида, Алишер Шодмонов турк қардошларнинг мамлакат тиббиётига киритадиган инвестициялари, ўзбек ва турк мутахассисларининг ўзаро тажриба алмашишлари соҳа ривожига ижобий таъсир қилаётганини эътироф этди. Пандемия даврида қардош давлат томонидан мамлакатга берилаётган мадад учун миннатдорчилик билдирди.

Мулоқот давомида қатор муҳим масалалар муҳокама қилинди. Жумладан:

  • фармацевтика ва тиббий буюмлар ишлаб чиқаришга инвестициялар жалб этиш;
  • коронавирусга қарши курашда малакали турк мутахассисларини юртимизга таклиф этиш;
  • коронавирусга қарши турк вакциналарнинг учинчи босқичи синовларида биргаликда ҳаракат қилиш;
  • тиббий таълимда ўзаро ҳамкорлик;
  • икки мамлакат мутахассисларининг ўзаро тажриба алмашиши каби қатор масалалар муҳокама қилинди.

Шунингдек, Алишер Шодмонов Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгаши соғлиқни сақлаш соҳасида мувофиқлаштирувчи қўмита йиғилиши доирасида ЖССТнинг Европа минтақавий бюроси раҳбари Ханс Клюге, Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгаши бош котиби Бағдад Амреев, шунингдек, бир қатор турк инвесторлари билан мулоқот ўтказди.

Мавзуга оид