Ўзбекистонда «Labo» электромобили ишлаб чиқариш кўзда тутилмоқда. Унинг тахминий нархи маълум қилинди
Ўзбекистонда «Labo» автомобили базасида электромобиль яратиш лойиҳаси амалга оширилмоқда.
Бу ҳақда Kun.uz мухбирига «Ўзавтосаноат» қошидаги R&D маркази муҳандиси Фикрет Умеров маълум қилди. Муҳандиснинг айтишича, «Labo»нинг электромодели ишлаб чиқилгач, унинг сарф-харажатлари кескин камаяди. Лойиҳа қиймати 780 млн сўмни ташкил этади.
«Бизнинг марказ томонидан «UzAutoMotors» талабларига мувофиқ равишда миллий электромобилни яратиш, автомобилларни электрлаштириш мўлжал қилиб олинган.
Бунинг учун биринчи бўлиб «Labo» автомобилини танладик. Сабаби, бу автомобиль конструктив нуқтаи назардан енгилроқ ва вилоятларда кенг ишлатилаётган, эксплуатация қилинаётган автомобиль ҳисобланади.
Ушбу автомобиль таннархини тушириш учун унинг конструкция қисмларини максимал даражада сақлаб қолиш ҳаракатидамиз. Бу жараёнда машинанинг ички ёнув двигатели ва узатмалар қутиси олиб ташланади, ўрнига электр двигатель, редуктор ва контроллёр ўрнатилади. Кинематик схема ва уни бошқарадиган эластик бошқарув дастурини ишлаб чиқяпмиз. Шунингдек, бошқарув математик моделини яратяпмиз.
«Labo» электромобилининг бошланғич таннархи 10 минг АҚШ доллари атрофида бўлади. Лекин бу маҳаллийлаштирилмаган ҳолатида шундай. Қиммат, дейиш мумкин. Тўғри, чунки деталлар импорт қилинади. Уни кейинчалик маҳаллий ишлаб чиқаришга қўйиш учун биринчи навбатда иқлим шароитида синовдан ўтказилади. Бу бўйича Ўзбекистон стандарти яратилмаган. Буни ҳам ўзимиз яратишимиз керак. Негаки, бизнинг иқлим Европаникидан кескин фарқ қилади», деди у.
Муҳандиснинг сўзларига кўра, автомобилнинг бир қувватланиши минимал 150 километр, максимал 250 километргача масофага етиши кўзда тутилган. Қувватлаш 220 вольтли токдан бўлса, 4 соатдан 8 соатгача, қувватлаш станциясида эса максимал 1 соат кетади.
«Labo» электромобилини ярим йил ичида яратиш кўзда тутилган.
Аввалроқ, Фарғона вилоятида 2022 йилнинг 1 октябридан нархи 3 минг долларга тўғри келадиган электромобиллар ишлаб чиқариш мўлжаллангани хабар қилинганди.
Мавзуга оид
10:57 / 07.11.2024
АҚШда дунёдаги энг тезкор полиция машинаси тақдим этилди
09:55 / 06.11.2024
Кўп қаватли уйлар яқинида электромобилларни қувватлаш станциялари ўрнатилади
18:27 / 02.11.2024
Хитойда электромобиллар учун ғилдиракли повербанклар ихтиро қилинди
08:10 / 31.10.2024