14 ноябр куни Kun.uz сайтида «Оқдарё буюм бозоридаги ёнғин: дўкондорлар ўт ўчирувчилар кеч келганидан норози ва ёрдамга муҳтож» сарлавҳаси остида репортаж берилган эди.
Унда Самарқанд вилояти Оқдарё тумани марказидаги кийим-кечак бозорида содир бўлган ёнғин оқибатида 10дан зиёд дўконлар ёниб кетгани ҳикоя қилинган, воқеа гувоҳлари ва дўкондорларга микрофон тутилган эди.

Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ушбу репортаж юзасидан расмий муносабат билдирди.
«Маълумки, инсон фавқулодда вазиятга тушиб қолганида, вақт секин ўтгандек, воқеа эса жуда узоқ содир бўлгандек туюлади. Ҳақиқатда фавқулодда ҳодисалар, жумладан, ёнғинлар ҳам қисқа вақт ичида ривожланиб, авж олади. Одатда фавқулодда ҳодисалар инсон руҳиятига кучли таъсир кўрсатиб, мулк эгалари ушбу вазиятларда тегишли хизматларга боғланишдан кўра, офатни мустақил равишда бартараф этишга ҳаракат қилади. Бу эса аксарият ҳолатларда офатнинг кенгайишига сабаб бўлади.
Берилган маълумотда 2020 йил 12 ноябр куни Лойиш шаҳарчаси Амир Темур кўчасидаги «Оқдарё савдо комплекси»да содир бўлган ёнғинни ўчиришга жалб этилган куч ва воситаларнинг ҳаракатларидан ёнғиндан зарар кўрган дўкон эгаларининг норозилиги тўғрисида маълум қилинган.
Маълумотда қайд этилган ҳолат бўйича қуйидагиларни таъкидлаш лозим:
12 ноябр куни соат 18:42да Оқдарё тумани ФВБ диспетчерлик хизматига туманнинг «Оқдарё савдо комплекси»да ёнғин рўй берганлиги тўғрисида комплекс қоровули фуқаро Ш.Исломов томонидан хабар берилади ва 2 та ёнғин-қутқарув экипажи ёнғин жойига соат 18:49да етиб борган.

Шунингдек, ёнғинни ўчиришга Самарқанд шаҳридан қўшимча равишда 2 та, Иштихон туманидан 1 та ёнғин-қутқарув экипажлари жалб этилиб, ёнғин соат 19:00 да ўраб олинган, соат 20:10да эса тўлиқ ўчирилган.
Маълумот учун: 9-касбийлаштирилган ёнғин-қутқарув қисмидан ёнғин рўй берган объектгача масофа 3,5 километрни ташкил этади.















