Шу йил 31 май куни Сўх туманида, Қирғизистон билан чегарада жойлашган Чашма булоғи олдида можаро келиб чиққан эди. Дастлабки маълумотларда ҳодиса оқибатида сўхликлардан 187 киши жароҳатлангани, улардан 15 нафари вертолётда Фарғона шаҳрига олиб борилгани айтилганди.

Прокуратура 22 нафар шахсга Жиноят кодексининг 219-моддаси 2-қисми (ҳокимият вакилига ёки фуқаровий бурчини бажараётган шахсга ўзининг хизмат вазифасини бажариш ёки фуқаровий бурчини бажаришдан воз кечишга, шунингдек, қонунга хилоф ҳаракатлар содир этишга мажбур қилиш) ва 244-моддаси (оммавий тартибсизликлар) билан айблов эълон қилган.

Фото: Kun.uz

16 ноябрь куни бўлиб ўтган навбатдаги суд мажлисида судья Тожиддин Ваҳобов дастлаб давлат айбловчисига сўз берди. У тўпланган далилларга асосан, Сўх воқеаларида бир қанча автомашина ва яшаш хонадонларига моддий зарар етказилганини таъкидлади.

Шундан сўнг судья ҳар бир айбланувчидан эълон қилинаётган айбловга иқрор ёки иқрор эмаслигини бирма-бир сўраб чиқди. Айбланувчиларнинг айримлари иқрор эмаслигини, айримлари эса қисман иқрор эканликларини билдиришди.

Суд мажлисида судья айбланувчилар Махсум Аҳмедов, Равшан Миршарипов ҳамда Назиржон Жўраевлардан 31 май кун содир бўлган воқеа бўйича кўрган-билганларини айтиб беришни сўради.

Айбланувчи Махсум Аҳмедов 31 май куни соат 14:30ларда воқеалар содир бўлиши арафасида уйда бўлгани, Чашма булоғида одамлар йиғилаётганини эшитиб «DAMAS» русумли автомашинага ўтириб тўполон бўлаётган жойга борганини, ўзбек ва қирғизлар ўртасидаги тўқнашувни ўз кўзи билан кўрмагани, вилоятнинг ўша вақтдаги ҳокими Шуҳрат Ғаниев жанжалли жойга келгани ҳақидаги хабарни уйга қайтаётгандагина эшитганини таъкидлади.