Тадбирда депутат Дониёр Ғаниев савол бераётган пайтда Мактабгача таълим вазири ўринбосари Мақсуд Йўлдошев камера микрофонини ўчиришни ёддан чиқариб қўйди. Мажлис Youtube орқали жонли эфирга узатилаётган эди.

Вазир ўринбосари ўша пайтда қўнғироқ қилган Хуршид исмли шахсга жавоб берар экан, “Обқочишга мажбурмиз энди, нима қиламиз?” деган сўзлари тўғридан тўғри эфирда кетди.

Тез орада «Телеграм» тармоғи орқали Мактабгача таълим вазирлиги матбуот котиби Мавлуда Асқархўжаева номидан қуйидаги ахборот тарқалди:

“Ҳолат юзасидан ҳақиқатан ҳам М. Йўлдошев депутатлар саволларига жавоб бергандан сўнг онлайн узатилаётган эфир микрофонини ўчириш эсдан чиққанлиги ва у иш фаолиятини давом эттирганлиги ҳамда бу жараёнда унга бўлган қўнғироққа жавоб берганлиги маълум бўлди.

Вазир ўринбосари М. Йўлдошев бу телефон орқали сўзлашув мазмуни депутатларга берилган жавобга алоқаси йўқлигини маълум қилди.

Шу муносабат билан, оммавий ахборот воситалари вакилларидан турли хил “эҳтимоллар”га асосланган фикрларини илгари сурмасликлари ва вазиятга тўғри баҳо беришларини сўраймиз”, — дейилади вазирлик муносабатида.