Одам савдоси ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш Миллий комиссиясининг 4 декабрдаги йиғилишида чақалоқ савдоси жинояти кўпайиб бораётгани муҳокама қилинди.
Маълумотларга кўра, қонуний тартибда фарзанд асраб олиш жараёнидаги бюрократия ва бошқа тўсиқлар чақалоқ савдосининг авж олаётганига сабаб бўлмоқда.
Васийлик ва ҳомийлик органлари томонидан жорий йилнинг январ-август ойларида ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган, ижтимоий ёрдамга муҳтож болаларнинг 2747 нафари фарзандликка, 3954 нафари васийликка, 1534 нафари ҳомийликка, 288 нафари патронатга берилган.
Меҳрибонлик уйлари, гўдаклар уйлари, болалар шаҳарчалари орқали эса бир йилда ўртача 220-230 нафар бола фарзандликка берилади.

Фото: Олий Мажлис Сенати ахборот хизмати
«Васийлик ва ҳомийлик органлари орқали фарзандликка берилган болалар орасида меҳрибонлик уйлари ва болалар шаҳарчаларида тарбияланаётган болалар улуши 10 фоизни ҳам ташкил этмайди. 90 фоиздан ортиқ ҳолатда фарзандликка олувчилар ва фарзандликка берувчилар ўзаро ёки воситачилар орқали бир-бирини топиб олишяпти.
Мамлакатда фарзанд асраб олишга бўлган талаб юқори. Чунки биз болажон халқмиз. Аммо ҳозирги ҳолатда фарзанд асраб олмоқчи бўлганлар ўртача 18 йил навбат кутишга тўғри келади.
Республикада амалдаги фарзандликка олиш тартиби жуда мураккаб. Қоғозбозлик амалиётлари жуда ҳам кўп. Шаффофлик йўқ. Навбат қачон келишини билиб бўлмайди. Навбатнинг электрон тизими шакллантирилмаган. Бу эса мавжуд тартибни айланиб ўтишга, коррупцион муносабатларнинг шаклланишига, чақалоқ савдосининг кўпайишига олиб келади», – деди йиғилишни олиб борган комиссия раиси Танзила Норбоева.
Халқ таълими вазири ўринбосари Дилшод Кенжаев берган маълумотларга кўра, ҳозирда меҳрибонлик уйларига бола топшириш ҳолатлари камайган. Гўдаклар уйларида тарбияланувчилар сони 1991 йилда 1105 нафарни ташкил қилган бўлса, ҳозирда бу муассасаларда 564 нафар бола тарбияланмоқда. Айни кунда меҳрибонлик уйи тарбияланувчилари сони эса 2047 нафарга тенг.

Фото: Олий Мажлис Сенати ахборот хизмати














