Ўзбекистон | 16:48 / 14.12.2020
7759
2 дақиқада ўқилади

ОАВга маълумот бермаслик ёки нотўғри маълумот берганлик учун жавобгарлик белгиланмоқда

Журналистлар фаолиятига тўсқинлик қилган давлат амалдорлари жаримага тортилиши мумкин. Тегишли қонун парламент фракцияларида кўриб чиқилмоқда.

Фото: KUN.UZ

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракциялар Жиноят, Жиноят-процессуал ҳамда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексларга ўзгартиш киритиш ҳақидаги қонун лойиҳасини муҳокама қилмоқда.

Kun.uz мухбирининг хабар беришича, давлат органлари ва ташкилотларининг мансабдор шахслари томонидан оммавий ахборот воситалари фаолиятига тўсқинлик қилиш, уларнинг сўрови юзасидан ўзида мавжуд очиқ ахборотни тақдим этмаслик ёки нотўғри маълумот тақдим этганлик учун маъмурий жавобгарлик белгилаш кўзда тутиляпти.

Бундан ташқари, диффамация (туҳмат ва ҳақорат) билан боғлиқ жиноятлар таркибига енгиллаштириш чоралари киритилмоқда.

Унга кўра, шахснинг қадр-қимматини камситувчи, уни обрўсизлантиришга қаратилган ёлғон ахборотни ишончли маълумот кўринишида била туриб телекоммуникация, интернет тармоқларига жойлаштирганлик учун маъмурий жавобгарлик белгиланади.

Амалдаги қонунчиликда бу турдаги ҳаракат учун тўғридан тўғри жиноий жавобгарлик бор. Таклиф этилаётган лойиҳада эса шахс шундай ҳаракатлари учун муқаддам маъмурий жавобгарликка тортилганидан кейин 1 йил давомида такроран содир этсагина жиноий жавобгарликка тортилиши назарда тутилмоқда.

Шахснинг қадр-қимматини камситувчи, уни обрўсизлантиришга олиб келадиган ёлғон ахборотни тарқатиш, шу жумладан ОАВ, телекоммуникация ёки интернет тармоқларига жойлаштириш орқали тарқатиш БҲМнинг 50 бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлиши қайд қилинмоқда.

Шунингдек, зўравонлик ёки шафқатсизликни тарғиб қилувчи ахборотни телекоммуникация ва интернет тармоқларига жойлаштирганлик учун биринчи маротаба маъмурий, бир йил давомида такроран содир этгани учун жиноий жавобгарлик киритилиши кутилмоқда.

Мавзуга оид