18:38 / 09.01.2021
14823

МИБ “Туронбанк”нинг собиқ ходими “еб кетган” 851 млн сўмни омонатчига ундириб берди

“Туронбанк”нинг Зангиота филиалига 2009 йилда омонатга қўйилган 100 минг АҚШ доллари банк собиқ ходими томонидан ўзлаштириб юборилган эди. Банк бошқаруви билан узоқ давом этган “кураш”да омонатчиларнинг қўли баланд келди.

Мажбурий ижро бюроси Жамоатчилик билан алоқалар ва ҳуқуқий ахборот бўлими бошлиғи Фаррух Тошпўлатовнинг Kun.uz’га маълум қилишича, ижро ҳужжатлари доирасида 2020 йил 3 декабр куни ундирувчилар З.Мусахўжаеванинг фойдасига 425 млн 678,5 минг сўм ва Ф.Мусахўжаеванинг фойдасига 425 млн 678,5 минг сўм, жами 851 млн 357 минг сўм миқдоридаги маблағ АТБ “Туронбанк” Зангиота филиалидан тўлиқ ундирилган.

Ф.Мусахўжаева фойдасига ундирилган сумма 2020 йил 4 декабр куни унинг банк пластик картасига ўтказиб берилган. Ундирувчи З.Мусахўжаева 2020 йил 7 октябр куни вафот этганлиги сабабли, белгиланган тартибда қонуний меросхўр тайинлангунига қадар унинг фойдасига ундирилган сумма бюронинг Зангиота туман бўлими депозит ҳисоб рақамида сақлаб турилиши белгиланган.

Марҳума З.Мусахўжаеванинг ўғли Ш.Мусахўжаевнинг Kun.uz’га маълум қилишича, 2020 йил 21 декабр куни АТБ “Туронбанк” қарши судга янги даъво аризаси киритган. Бунга сабаб эса фуқаролик ишлари бўйича Тошкент шаҳар судининг 2019 йил 10 июндаги ҳал қилув қарори билан «Туронбанк» Зангиота филиали ҳисобидан омонатчиларга қайтарилиши керак бўлган жами 851 млн 357 минг сўм миқдоридаги омонат пули 100 минг АҚШ долларининг қиймати суд қарори чиққан санадаги курс бўйича ҳисобланган. Банк суд қарорлари ва ижро ҳужжатлари устидан шикоятлар бериб, ундирувни 1,5 йилгача кечиктиргани ортидан ушбу давр мобайнида сўм АҚШ долларига нисбатан қадрсизланган. Шуларни инобатга олиб, Ш.Мусахўжаев омонат суммасининг 2020 йил декабрдаги курс бўйича ҳисобланиши ва ўртадаги фарқи ҳам тўлаб берилишини талаб қилмоқда. Унинг ҳисоб-китобларига кўра, фарқ қиймати 96 млн сўмни ташкил этмоқда.

Эслатиб ўтамиз, Kun.uz сайтида «Туронбанк»нинг Зангиота филиали томонидан фуқаролар Зиёда ва Фотима Мусахўжаеваларнинг 100 минг АҚШ доллари миқдоридаги омонат пуллари суднинг қонуний кучга кирган ҳал қилув қарори бўлишига қарамай, қайтарилмаётгани ҳақида мақола эълон қилинганди.

«Туронбанк» Республика бошқаруви мақолага муносабат билдириб, омонат маблағини банкнинг 2009–2010 йилларда ишлаган собиқ ходими фирибгарлик йўли билан эгаллаган деб ҳисоблашини ва бунга ишонишини, шу боис мазкур масала Зангиота туман прокуратураси томонидан олиб борилаётган қўшимча тергов ҳаракатлари якунлангандан сўнг оммавий ахборот воситаларида муҳокама қилинса, мақсадга мувофиқ бўлишини таъкидлаганди.

Маълумот учун, Савдо-саноат палатаси Тошкент вилоят ҳудудий бошқармаси “Туронбанк” АТБ Зангиота туман филиали манфаатида маъмурий судга ариза киритиб, Мажбурий ижро бюроси Зангиота туман бўлимининг банк филиалига қарашли автотранспорт воситаларига нисбатан қидирув эълон қилиш ва банд солиш ҳақида 2019 йил 29 октябрдаги қарорини ҳақиқий эмас деб топишни, шунингдек, банд солинган автотранспорт воситаларини банддан чиқаришни сўраган. Тошкент вилоят маъмурий судининг 2020 йил 11 ноябрдаги қарори билан ариза қаноатлантиришдан рад этилган.

Top