2021 йилнинг дастлабки кунларида Ўзбекистон ҳукуматида яна бир вазир алмашиши мумкин.
Kun.uz манбаларига кўра, шу кунларда олий ва ўрта махсус таълим вазири Ином Мажидовни лавозимидан озод этиш масаласи муҳокама қилинмоқда. У фаолиятини ОТМлардан бирининг ректори сифатида давом эттириши мумкин.
Бу ҳақдаги маълумотни вазирлик матбуот хизмати Kun.uz'га тасдиқламади; шу билан бирга, расмий янгилик бўлган тақдирда, бу ҳақда маълум қилиниши қўшимча қилинди.
Манбаларга кўра, олий таълим вазири лавозимига бир неча номзодлар, хусусан Термиз давлат университети ректори, сенатор Абдуқодир Тошқулов ва Ўзбекистон миллий университети ректори Авазжон Мараҳимов номзодлари кўриб чиқилмоқда.

Аввалроқ, Kun.uz ўз манбасига таянган ҳолда олий ва ўрта махсус таълим вазирининг биринчи ўринбосари Ўктам Саломов бошқа ишга ўтиши муносабати билан лавозимидан озод этилгани ҳақида хабар қилганди. Вазирлик матбуот хизмати буни тасдиқлади. Ҳозирча тасдиқланмаган маълумотларга кўра, Саломов Фарғона политехника институтига ректор бўлиши кутилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, Ином Мажидов 2016 йил сентябридан олий ва ўрта махсус таълим вазирининг биринчи ўринбосари, 2017 йил июнидан эса вазир лавозимида фаолият кўрсатмоқда.
Абдуқодир Тошқулов 2016 йил сўнгидаги сайловлар арафасида президентликка номзод Шавкат Мирзиёевнинг Сурхондарё вилоятидаги ишончли вакили бўлганди. У 2017 йил сентябрида Термиз давлат университетига ректор бўлган, бир йил ўтиб Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Сенат аъзосига айланганди.
















