14 январ куни «Шахматни янада ривожлантириш ва оммавийлаштириш ҳамда шахматчиларни тайёрлаш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги президент қарори эълон қилинганди.

Қарор ижроси учун масъул ҳисобланган бош вазир ўринбосари Азиз Абдуҳакимов шахматни ривожлантириш бўйича мазкур президент қарори асосида амалга ошириладиган ишлар хусусида Kun.uz'га маълумот берди.

Президент қарорида шахматни 2025 йилгача ривожлантириш бўйича аниқ вазифалар белгиланган. Агар бу вазифалар амалга оширилса, мамлакатда шахмат билан боғлиқ вазият мутлақо янгича тус олади.

FIDE'да юқори ўнликка кириш вазифаси қўйилган

Ҳозирда Ўзбекистон Халқаро шахмат федерацияси (FIDE) рейтингида 162 давлат ичида 32-ўринни эгаллаб турибди. Қарорга кўра, бу рейтингда 2025 йилда юқори ўнликка кириш вазифаси қўйилган. Айни дамда мамлакатда халқаро гроссмейстерлар сони 22 нафарни ташкил этади. 3 154 киши шахмат билан профессионал даражада шуғулланади ва улардан 580 нафари аёллар.

14 та туман ва шаҳарда шахмат қўшимча спорт тури сифатида ривожлантирилади

2025 йилга қадар мамлакат аҳолисининг 3 фоизи шахмат билан мунтазам шуғулланишига эришиш кўзда тутилмоқда. Шахмат мактаблари ва клублари фаолиятига кўмак бериш мақсадида Шахмат клублари ассоциацияси ташкил этилади. Жисмоний тарбия ва спорт университетининг Фарғона филиалида шахмат бўйича таълим йўналиши очилади. Шунингдек, Шахматни оммавийлаштириш ва ривожлантириш жамғармаси ташкил этилади.

Республикадаги 150 та мактаб шахматга ихтисослаштирилади ва ўқувчиларни чуқурлаштирилган ҳолда шахматга ўқитиш йўлга қўйилади. Бундан ташқари, 1 000 та умумий ўрта таълим мактабида жисмоний тарбия фани доирасида 18 соат шахмат дарслари жорий этилади.

Умумий ўрта таълим мактаби ўқувчилари ўртасида синф тоифасидан келиб чиқиб (1-4 синф, 5-9 синф, 10-11 синф) ўқувчилар ўртасида туман/шаҳар, вилоят ва республика даражасида турнирлар ташкил этилиб, яхши натижаларни кўрсатган қатнашчиларнинг халқаро турнирлардаги иштироки таъминланади.