Ўрганиш якунлари бўйича 19 январ куни Бухоро давлат университетида ўтказилган йиғилишда вилоятдаги педагогларнинг аттестация жараёнларида қайд этаётган натижалари бу борадаги ютуқ ва камчиликлар ҳам муҳокама қилинди.

Маълум қилинишича, сўнгги уч йилда вилоят мактабларидаги олий тоифали педагоглар сони икки баробарга ошган. Бугунги кунда вилоят мактабларида ишлаётган жами 26 минг 145 нафар олий маълумотли ўқитувчиларнинг 1 716 нафарини (6 фоиз) олий тоифали ўқитувчилар ташкил этади. 2018 йилда ушбу кўрсаткич 2,6 фоизни ташкил этарди. Шунингдек, ўқитувчиларнинг 5 044 нафари (17,7 фоизи) биринчи тоифали, 8 461 нафари (29,6 фоиз) иккинчи тоифали ўқитувчилар ҳисобланади. Бу республика миқёсида бошқа ҳудудларга қараганда яхшироқ кўрсаткич саналади.

Тадбирда сўзга чиққан Таълим инспекцияси бошлиғи Улуғбек Ташкенбаев қандай қилиб вилоятда олий тоифали ўқитувчилар улуши қисқа муддатда ошганига изоҳ бериб ўтди.

«Ўрганиш давомида вилоятдаги малакали ўқитувчилар томонидан нодавлат малака ошириш курслари ташкил этилиб, у ерда ўқитувчиларга тоифа синовларига тайёргарлик бўйича курслар ташкил этилганига гувоҳ бўлдик. Ўқитувчилар ҳудудий малака ошириш марказида ололмаган билимларини айнан шу курсларда олишган ва бу курсларнинг натижадорлиги ўқитувчилар томонидан кенг эътироф этилмоқда. Бу яна бир бор педагоглар малакасини оширишга хусусий секторни кенг жалб этиш ташаббуси тўғрилигининг яна бир исботидир», деди Таълим инспекцияси бошлиғи.

Йиғилишда халқ таълими ходимларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш ҳудудий маркази фаолиятида мавжуд муаммоларга ҳам тўхталиб ўтилди.

Хусусан, марказда ўқитувчининг малака оширишдан кейинги фаолиятини ўрганиш ва таҳлил қилишнинг мукаммал электрон портфолио тизими ишлаб чиқилмаганлиги, кимё, биология ва физика фанларидан ўқув-лаборатория жиҳозлари билан таъминланмаганлиги, амалий фанлар (технология, тасвирий санъат ва чизмачилик, мусиқа)дан тингловчилар учун амалий машғулотларни ўтказиш учун жиҳозлар мавжуд эмаслиги, аксарият тингловчиларнинг минимум талаб даражасида АКТдан (40-50 фоиз) фойдаланишни ва чет тилини (80-90 фоиз) билмаслиги малака оширишни самарали ташкил этиш имконини бермаётгани таъкидланди.

Ўз навбатида, Таълим инспекцияси бошлиғи ушбу марказга янги раҳбар тайинлангани ва юқоридаги камчиликларни бартараф этиш учун ҳаракатлар бошланганини таъкидлаб ўтди.