Иқтисодиёт | 17:10 / 29.01.2021
9987
4 дақиқада ўқилади

Марказий банк 15 февралдан бошлаб, валюта курсидаги ўзгаришни ҳар куни эълон қилади

Ўзбекистон Марказий банки валюта биржасидаги «фиксинг» усулидан «колл аукцион» ва «мэтчинг» савдо усулларига ўтишни эълон қилди. Бу валюта курсини ҳар куни эркин белгилаш учун катта имконият беради.

Фото: Shutterstock

Ўзбекистон Республикаси Марказий банки бошқаруви томонидан 2021 йил 9 январда ички валюта бозорида валюта олди-сотди операцияларининг амалга оширилишини янада такомиллаштириш борасида қарор қабул қилинди.

Қарорга мувофиқ, 2021 йилнинг 15 февралидан бошлаб, ички валюта бозорида амалга ошириладиган валюта олди-сотди савдолари бўйича қуйидагилар жорий этилади:

  • Ўзбекистон республика валюта биржасида савдо сессиялари амалдаги «фиксинг» (белгилаш, қийматни ўрнатиш) усулидан «колл аукцион» ва икки томонлама узлуксиз аукцион «мэтчинг» (талабга кўра таклифнинг пайдо бўлиши) савдо усулларига ўтказилиши;
  • валюта биржасида валюта олди-сотдиси бўйича савдо сессияларининг соат 10.00 дан 15.00 гача «Онлайн платформа» орқали амалга оширилиши;
  • валюта биржасида валюта олди-сотдиси бўйича ҳисоб-китобларнинг ҳозирда мавжуд Т+0 (бугунги иш куни) шаклидан Т+1 (кейинги иш куни) шаклига ўтказилиши;
  • тижорат банкларининг валюта биржаси савдоларида мижозлар номидан иштирок этиш амалиётидан воз кечган ҳолда хўжалик юритувчи субъектлар билан валюта операцияларини тўғридан тўғри валюта позицияси орқали амалга оширилиши белгиланган.

Шунингдек, қарорга мувофиқ, Марказий банкнинг валюта операциялари бўйича бухгалтерия ҳисоби, статистик ва бошқа ҳисоботларни юритиш, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида божхона ва бошқа мажбурий тўловларни ҳисоблаш учун чет эл валюталарининг сўмга нисбатан расмий курслари кунлик белгиланади ва ҳар банк иш куни соат 16:00да Марказий банкнинг расмий веб-сайти ва ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида эълон қилиб борилади.

Шу билан бирга, қарорда валюта бозорини ривожлантиришнинг кейинги босқичларида валюта операциялари бўйича савдо иштирокчиларининг умумэътироф этилган энг намунали амалиётларни ўз ичига олган «Этика кодекси»нинг қабул қилиниши ҳамда тижорат банкларининг «маркет-мейкерлар» сифатида иштирокини йўлга қўйиш мақсадида уларга бериладиган имтиёз ва мажбуриятларни ўзида акс эттирувчи «Маркет-мейкерлик фаолияти тўғрисида»ги меъёрий ҳужжат ишлаб чиқилиши кўзда тутилган.

Мазкур қарор билан «Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг 2021-2025 йилларга мўлжалланган валюта интервенциялари стратегияси» тасдиқланди. Стратегияда Марказий банкнинг валюта интервенциялари тамойиллари, шакллари ҳамда интервенцияларни амалга оширишнинг мақсад ва вазифалари қайд этилди.

6 январ куни ўтказилган Халқаро пресс-клубнинг навбатдаги сессиясида Марказий банк раиси ўринбосари Беҳзод Ҳамроев хорижий валюта курсларининг алмашинув қиймати бўйича маълумотлар бош регулятор томонидан ҳар куни эълон қилинишини айтганди.

Ҳамроевнинг таъкидлашича, Марказий банк томонидан шу йил амалга оширилиши мақсад қилинган асосий режалардан бири – миллий валютанинг чет эл валютасига қарамлигини камайтириш ва инфляция даражасининг 10 фоиздан ошиб кетмаслигини таъминлашдир. Шунингдек, тадбиркорлар тижорат банкларидан онлайн тарзда буюртма бериб тўғридан тўғри валюта харид қилиш имкониятига эга бўлишади.

«Марказий банк валюта бозорини эркинлаштириш борасида 2017 йилда дастлабки қадамларни қўйган эди. Президентнинг мурожаатномасида уни янги босқичга кўтариш олдимизга вазифа қилиб қўйилди. Яъни, тадбиркорлар учун валюта хариди янада осонлашиши керак», – деганди Марказий банк раиси Мамаризо Нурмуродов.

Президент мурожаатномасида жорий йилда нарх-наво ўсишини 10 фоиздан оширмаслик Марказий банк ва ҳукуматнинг асосий вазифаси бўлиши кераклиги таъкидланганди.

Маълумот учун, 2020 йил учун инфляция даражаси 11,1 фоизни ташкил этгани ҳақида хабар берилган.

Алишер Рўзиохунов
Тайёрлаган Алишер Рўзиохунов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид