Кирилл алифбосидаги юмшатиш (ь) белгиси қатнашган бир қатор сўзларнинг ўзбек-лотин алифбосида қандай ёзилиши – мунозарали мавзулардан бири. Филология фанлари номзоди Равшан Жомоновнинг навбатдаги видеодарси шу ҳақда.
Аслида, ўзбек тилида юмшоқлик ва қаттиқлик ҳодисаси мавжуд эмас. Бу рус ва бошқа тилларга хос ҳисобланади. Лекин 1940 йилдан буён анчагина сўзлар рус тилида қандай берилса, шу тақлидда ёзиб келдик. Ваҳоланки, бу белги ўзбеклар нутқида бирор-бир маъно ажратиш хусусиятига эга эмас. Илмий тилда айтганда, фонологик вазифа бажармайди.
Лекин биз уларни ёзишга мажбурмиз. Чунки кирилл ёзуви бўйича имло қоидалари охирги марта 1956 йилда тасдиқланган ва ўша қоидалар асосида ёзиб келамиз.
Ёзувлар транслитерация жараёнида вужудга келадиган ҳолатларнинг баъзилари билан қуйида танишиб чиқамиз.
1) Сентябрь – sentabr, альбом – albom
Бу каби ҳолатларда юмшатиш (ь) белгиси ўзбекча талаффузда аҳамиятсиз бўлгани учун тушириб қолдирилади.
Агар фоиз ҳисобида олсак, юмшатиш белгили сўзларнинг тахминан 70 фоизи шу қоидага тушади ва ўзбек-лотин алифбосида тушириб қолдирилади.
2) Бульон – bulyon, сеньор – senyor, павильон – pavilyon, медальон – medalyon
Бу каби мисолларда ўзига хос ўринлар бор. Бульон, сеньор, павильон, медальон каби сўзлар талаффузига эътибор берилса, кўп йиллардан бери бу ўринда бир “й” товушини қўшиб bulyon тарзида айтиб келамиз, лекин биринчи марта ўқиган одам “й”ни айтмайди. Натижада тилимизга ўрнашган талаффуз лотин ёзувига транслитерация қилинади: bulyon. Бу тарзда ўгириладиган сўзлар ҳам анчагина.

Кўпчиликда ўзбек лотин алифбосида ўзлаштирилган европача сўзларни ифодалаш қийин ёки мумкин эмас, деган иддаолар бор. Ёзув амалиёти шуни кўрсатадики, ўзбек лотин алифбоси кириллга нисбатан график жиҳатдан катта имкониятларга эга. Масалан:
3) Васильев – Vasilyev, Игнатьев – Ignatyev













