Иқтисодиёт | 14:32 / 09.02.2021
5375
2 дақиқада ўқилади

МҲХС ҳужжатлари ўзбек тилига таржима қилинмоқда

Молия вазирлиги таржима лойиҳаси юзасидан жамоатчилик фикрини ўрганиш ва таклифлар олиш мақсадида ҳафтада 3та ҳужжатни вазирлик сайтида эълон қилиб бормоқда.

Фото: Pinterest

Ўзбекистонда молиявий ҳисоботнинг халқаро стандартлари ҳужжатлари (МҲХС) давлат тилига таржима қилинмоқда.

Молия вазирлиги ушбу таржима лойиҳаси юзасидан жамоатчилик фикрини ўрганиш ва таклифлар олиш мақсадида ҳафтада 3та МҲХС ҳужжати вазирлик сайтида эълон қилиб борилаётганини хабар қилди.

Бугунга қадар 13та МҲХС ҳужжатининг давлат тилидаги таржимаси лойиҳаси вазирлик сайтига жойлаштирилган.

Хабарда айтилишича, жамоатчиликдан мазкур ҳужжатлар маъноси, имловий ва грамматик жиҳатлари юзасидан ўринли таклиф ва мулоҳазалар келиб тушмоқда.

Аввалроқ, Ўзбекистон президенти қарори билан 2021 йил 1 январдан бошлаб банклар ва йирик солиқ тўловчиларда бухгалтерия ҳисоби молиявий ҳисоботнинг халқаро стандартлари асосида юритилиши хабар қилинганди.

Ҳужжат асосида ишлаб чиқилган «йўл харитаси»да МҲХС ва унга тушунтиришлар матнларини давлат тилига таржима қилиш, шунингдек, уларни Молия вазирлигининг расмий веб-сайтида жойлаштириш вазифалари белгиланган.

Маълумот учун, молиявий ҳисоботнинг халқаро стандартлари орқали республикада фаолият юритаётган ташкилотлар акциялари, қимматли қоғозлари ва бошқа турдаги инвестиция жалб қилиши мумкин бўлган моддий бойликларнинг истиқболда ўсиши ёки пасайишини таҳлил қилиши учун хорижий инвесторларни зарур ахборотлар билан таъминлаш мумкин бўлади. Ўз навбатида Ўзбекистондаги  йирик корхоналарга халқаро молия бозорларида иштирок этиш имкони яратилади.

Мавзуга оид