Ўзбекистон | 08:09 / 12.02.2021
21237
2 дақиқада ўқилади

2020 йилда божхона постларида қўлга олинган энг кўп контрабанда маҳсулотлари маълум қилинди

2020 йилда божхона органлари томонидан энг кўп ҳуқуқбузарлик ҳолатлари  дори-дармон маҳсулотлари бўйича аниқланган. Шунингдек, озиқ-овқат, алкогол, тамаки ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари энг кўп ҳуқуқбузарлик содир этилган товарлар рўйхатига кирди.

Давлат божхона қўмитасининг «очиқ божхона» тизими маълумотларига кўра, 2020 йилда божхона органлари томонидан 37,302 миллиард сўмлик дори-дармон маҳсулотлари мусодара қилинган. Ушбу товар тури билан боғлиқ 509та ҳуқуқбузарлик аниқланиб, 2019 йилга нисбатан ҳуқуқбузарлик ҳолатлари 15тага, мусодара қилинган дори-дармон маҳсулотлари қиймати жиҳатидан 19,746 млрд сўмга ошган.

Шунингдек, озиқ-овқат маҳсулотлари бўйича 385та ҳуқуқбузарлик аниқланиб, 4,450 млрд сўмлик товар мусодара қилинган. 2019 йилга нисбатан ҳолатлар сони 631тага камайиб, ушлаб қолинган товарлар ўртасида фарқ 1,802 млрд сўмни ташкил қилди.

Бундан ташқари, божхона органлари ходимлари томонидан энг кўп мусодара қилинган товарлар рўйхатидан алкогол ва тамаки маҳсулотлари ҳам ўрин олган. 2020 йилда 565 миллион сўмлик алкогол, 25,277 млрд сўмлик тамаки маҳсулотлари мусодара қилинган. Aлкогол маҳсулотларидаги ҳуқуқбузарлик ҳолатлари 2019 йилга нисбатан 71 фоизга, тамаки маҳсулотларида 59 фоизга камайган.

Божхона постларида 2020 йил давомида қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари билан боғлиқ 158та ҳуқуқбузарлик аниқланган бўлса, мусодара қилинган товарлар қиймати 4,450 млрд сўмни ташкил этган.

Божхона органлари ходимлари томонидан мусодара қилинган товарлар «Давлат даромадига ўтказиладиган мол-мулкни олиб қўйиш, сотиш ёки йўқ қилиб ташлаш тартиби тўғрисида»ги низомга мувофиқ сотиб ёки йўқ қилиб юборилади. Унга кўра, этил спирти (озиқ-овқат спирти), алкоголли маҳсулотлар ва пиво, тамаки маҳсулотлари, дори воситалари ва тиббий буюмлар, озиқ-овқатга биологик актив қўшимчалар, озиқ-овқат қўшимчалари, экспертиза хулосасига кўра бевосита истеъмол (фойдаланиш) учун яроқсиз деб тан олинган озиқ-овқат товарлари, асарларнинг ва турдош ҳуқуқлар объектларининг контрафакт нусхалари ва низомда назарда тутилган бошқа товарлар мажбурий тарзда йўқ қилиб ташланади. Мажбурий йўқ қилинадиган товарлар рўйхатига кирмайдиган божхона постларида мусодара қилинган бошқа товарлар сотиб юборилади.

Мавзуга оид