Филолог Равшан Жомонов ўзбек-лотин алифбосидаги мураккаб ва мунозарали ҳолатларни шарҳлашда давом этади. Навбатдаги видеодарс аввалгисининг давоми бўлиб, унда ҳам кирилл ёзувидаги юмшатиш (ь) белгили сўзларнинг ўзбек-лотин алифбосида ифодаланиши ҳақида сўз боради. 

Юмшатиш («ь») белгили сўзларнинг лотин алифбосидаги имлоси: нозик нуқталар

Аввалги дарсда таъкидланганидек, бу белги ўзбек тилида фонологик, яъни маъно фарқлаш хусусиятига эга эмас. Лекин ўзбек-лотин алифбосида юмшатиш (ь) белгиси қатнашган сўзлар транслитерация қилинар экан, ўзига хос ёндашув талаб қиладиган ҳолатлар бор.

Ҳозирга қадар лотин алифбосида босилиб чиққан дарслик, ўқув қўлланма ва газета-журналлардаги матнларда юмшатиш (ь) белгили сўзларнинг транслитерациясида хатоликлар учраб турибди. Қуйида ўша хатоликларнинг айримлари билан танишиб чиқамиз.

  • батальон, почтальон, павильон, медальон

а) batal’on [батал’он], pochtal’on [почтал’он], pavil’on [павил’он], medal’on [медал’он] — ушбу қаторда сўзларнинг нотўғри транслитерацияси ва транскрипцияси берилган.

Юқоридаги мисолларга эътибор берилса, «л»дан кейин тутуқ «’» белгиси қўйилган. Бунинг нотўғрилиги шундаки, ўзбек лотин алифбосидаги тутуқ белгиси ундош ҳарфдан кейин келса, ўзидан олдинги ҳарфни кейингисидан ажратиб талаффуз қилинишини таъминлайди. Бу сўзлар транскрипция қилинса, хатолик яққол кўринади.

б) batalyon [баталйон], pochtalyon [почталйон], pavilyon [павилйон], medalyon [медалйон] — бу қаторда эса тўғри транслитерацияси ва транскрипцияси берилган.

Ўзбек лотин алифбосида жонли талаффузга мувофиқ ёзилса, тўғри шакл юзага келади.

  • Львов — Lvov [лвов] — нотўғри шакл
  • Livov (ливов) — тўғри шакл