Президент Шавкат Мирзиёевнинг 2018 йил 17-18 март кунлари Самарқанд вилоятига ташрифи доирасида вилоятни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришдаги мавжуд муаммолар ва уларни ҳал этиш юзасидан маҳаллий бошқарув органларига бир қатор топшириқлар берилганди. Ана шу топшириқлардан бир нечтаси ҳали ҳам тўлиқ бажарилган эмас.

Хусусан, мазкур ташриф доирасида ўтказилган йиғилиш баёнининг 25-қисмида қуйидаги банд бор:

«Оқдарё ва Пайариқ туманларини боғловчи Човка қишлоғидаги «Оқдарё» дарёси устидан ўтувчи сел оқибатида авария ҳолатига келиб қолган кўприкни қайта тиклаш».

Эътибор берган бўлсангиз, топшириқда кўприкни айнан қайта тиклаш кўзда тутилган. Сабаби шундаки, 2008 йилда кўприкни сел ювиб кетгач, Оқдарё тумани маркази ва қатор қишлоқлари аҳолиси Пайариқ туманига ўтиш учун 40 километр ортиқча йўл босишига тўғри келмоқда. Ҳолбуки, биттагина кўприк узоқ йиллар давомида қўшни туманга ўтиб қайтиш имконини берган. 9 йилки, аҳоли учун ноқулайлик, ҳар қандай транспорт учун ортиқча ёнилғи ва ортиқча сарсонгарчилик.

«Икки туман аҳолиси қадим йиллардан буён қуда-андачилик, қариндошчилик ришталари билан боғланган, аммо дарёнинг устидаги кўприк ҳар йили сув тошқини туфайли икки-уч марта бузилиб вайрон бўлади. Шу сабабли бир неча марта кўнгилсиз воқеалар, автоҳалокатлар юз бермоқда. Маҳаллий аҳоли пул йиғиб, ҳар сафар кўприкни тузатамиз. Лекин мустаҳкамроқ кўприк қуришга қурбимиз етмаяпти, ҳозирги кунда ҳам худди шу аҳволдамиз. Яқинда аҳоли ташаббуси билан дарё бўйидаги йўлларимизга тош тўкиб, текисладик, аммо кўприк яроқсиз, транспортлар ўтолмаяпти, минглаб йўловчиларимиз, ёш болалар, қариялар ушбу муаммодан қийналмоқда», дейди туман аҳли таҳририятга мурожаатида.

Оқдарёликларнинг неча йиллар давомида қилган мурожаатлари, оммавий ахборот воситалари орқали чиқишлари ҳар ҳолда тегишли идораларга етиб бориб, давлат раҳбарининг тегишли топшириғи берилганини айтдик. Шундан сўнг мазкур кўприк ёнгинасида пиёдалар учун осма кўприк қуриб берилган, аммо топшириқда айтилган кўприкни қайта тиклаш амалга ошмай қолиб кетган. Ҳудуд аҳолиси эса дарё устидан айнан транспорт қатнови тикланишини истайди.