17:11 / 24.02.2021
16129

«Айниқса ёши катталар кўп алданяпти» — Азиз Тошпўлатов банк карталаридаги пуллар ўғирланиши ҳақида

«Осон пул топиш учун бировни алдаб, тадбиркорлик қиламиз, деб қарзга моддий ёрдам олиб, кейин беришмаяпти. Бу аёллар орасида ҳам кўпайган», – деди Тошкент шаҳар ИИББ бошлиғи, генерал-майор Азиз Тошпўлатов.

Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси бошлиғи, генерал-майор Aзиз Тошпўлатов 23 феврал кунги пресс-турда фирибгарлик жиноятлари йилдан йилга ортиб бораётгани ҳақида тўхталди.

«Фирибгар бўлишдан уялмай қўйган фуқароларимиз бор. Осон пул топиш учун бировни алдаб, тадбиркорлик қиламиз, деб қарзга моддий ёрдам олиб, кейин беришмаяпти. Бу аёллар орасида ҳам кўпайган.

Ўзаро таниш-билишлар орасида фирибгарликлар кўпайган. Ишониб, ё қарзга, ёки биргаликда тадбиркорлик, олди-сотди қилади, пулини бермайди», – таъкидлади генерал.

Азиз Тўшпўлатов сўнгги пайтларда бировнинг пластик картасидаги пулни ечиб олиш ҳолатлари ортиб бораётганини ҳам айтиб ўтди.

«Айниқса, ёши катта фуқароларимиз жуда кўп алданиб қоляпти. Биз прокуратура ва бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар билан бу бўйича икки-уч марта семинарлар ўтказдик, кеча ҳам ҳамма банк вакилларини йиғиб, Тошкент шаҳар прокуратурасида шу масалада йиғилиш ўтказдик. Қандай қилиб ҳимоялаймиз?

Бу – чет элларда энг кўп учрайдиган жиноят турларидан. Мана, секин-секин Ўзбекистонга ҳам кириб келяпти. Айниқса, Тошкентда бу нарса сезила бошлади.

Телефонига СМС келади: «Сиз фалончи акцияда ютдингиз, карточкангиз рақами ва кодини юборсангиз, сизга 1 миллион сўм ютуқни ўтказиб берамиз». Кўп фуқароларимиз карточкасининг рақамини, кодини бериб юборяпти. Бу код – хавфсизлик ҳимоя воситаси. Уни бирон одамга бериш мумкин эмас», – деди пойтахт ИИББ бошлиғи.

Мавзуга оид:

Top