Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги хабарига кўра, элчи вазирга ишонч ёрлиқлари нусхасини топширди.

Вазир Европа иттифоқи делегацияси раҳбарини мазкур тайинлов билан табриклади, унга Ўзбекистон ва Евроиттифоқ ўртасидаги дўстона муносабатларни ривожлантириш ва мустаҳкамлашда муваффақиятлар тилади.

Суҳбат давомида Ўзбекистон билан Европа иттифоқи ўртасидаги сиёсий, савдо-иқтисодий, молиявий-техникавий, маданий-гуманитар ва бошқа соҳалардаги ҳамкорлик ҳолати ва истиқболлари муҳокама қилинди.

Томонлар Ўзбекистон ва Евроиттифоқ ўртасида Кенгайтирилган шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги битим лойиҳаси бўйича музокаралар жараёнини ижобий баҳолади.

Бўлажак қўшма тадбирлар, жумладан «Ўзбекистон-Европа иттифоқи» ҳамкорлик кенгашининг навбатдаги йиғилиши, «Европа иттифоқи - Марказий Осиё» сиёсат ва хавфсизлик масалалари бўйича юқори даражадаги мулоқоти навбатдаги даврасини ўтказиш жадвали, кун тартиби ва ташкилий масалалари кўриб чиқилди.

2021 йил март ойи охирига қадар Ўзбекистонга «GSP+» мақоми берилишига умид билдирилди, бу Ўзбекистон ва ЕИ мамлакатлари ўртасидаги савдо-иқтисодий ҳамкорликни оширишга ёрдам бериши айтилади.

ЕИ билан таълим соҳасида, хусусан, янги «Эрасмус» дастури орқали яқин ҳамкорликни кенгайтиришга қизиқиш билдирилди.

Маълумот учун, Европа иттифоқининг Ўзбекистондаги делегацияси аввалги раҳбари Эдуардс Стипрайс 2020 йилнинг июл ойи охирларида мамлакатдаги миссиясини якунлаганди.