10:50 / 06.03.2021
7207

«Шахсий манфаат, тамагирлик ҳам йўқ эмас» — Улуғбек Тошкенбоев олий таълимда коррупция бўйича ўтказилган сўровномалар ҳақида маълумот берди

Жорий йилнинг 5 март куни Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ва Халқ таълими вазирлиги ҳамкорлигида «Таълим сифатини таъминлаш мақсадида ўтказиладиган жараёнларда коррупциянинг олдини олиш» мавзусида видеосеминар ўтказилди. Бу ҳақда Таълим инспекцияси ахборот хизмати маълум қилди.

Тадбирда сўзга чиққан Таълим инспекцияси бошлиғи Улуғбек Тошкенбоев таълим сифатини таъминлаш мақсадида ўтказиладиган жараёнларда коррупциянинг олдини олиш бўйича амалга оширилган ишлар ва истиқболдаги режалар ҳақида маълумот берди.

Улуғбек Тошкенбоевга кўра, «Олий таълим тизимида коррупциясиз соҳа» лойиҳаси доирасида ОТМларда мингдан зиёд профилактик тадбирлар ўтказилган бўлиб, талабалар фикри ижтимоий сўровномалар асосида мунтазам ўрганилган ҳамда 340 нафар ходимнинг коррупцияга мойиллик ҳолати бўйича интизомий чоралар кўрилган.

Таълим инспекцияси бошлиғи ОТМлар рейтингини аниқлаш жараёнида юқори босқич талабалари ўртасида ўтказилган сўровномалар ва уларнинг натижалари ҳақида ҳам маълумот бериб ўтган.

Маълум қилинишича, республика бўйича рейтингда қатнашаётган 57та олий таълим муассасасининг 6 658 нафар юқори курс талабаси сўровномада иштирок этган.

«Рейтингда қатнашаётган 57та ОТМнинг 6 658 нафар талабаси сўровномада иштирок этган. «Бирор ўқитувчи талабани адолатсиз баҳоласа, бу қуйидагича намоён бўлади», деган фикрга талабаларнинг 15,3 фоизи «жавоб беришга қийналаман», 13,6 фоизи «таниш-билишчилик аралашади», 7,5 «таълимга хос бўлмаган топшириқлар беришади», 5,5 фоизи «шахсий манфаат, тамагирлик ҳам йўқ эмас», деб жавоб берган.

Шунингдек, «Замонавий билим олиш учун тўсқинлик қилаётган асосий омиллар нималар», деган саволга талабаларнинг 8,3 фоизи «таълимда маҳаллийчилик, уруғ-аймоқчиликнинг борлиги», 20,9 фоизи «таълимдаги коррупция», деб жавоб берган», дея сўровномалар натижаларини маълум қилди Таълим инспекцияси бошлиғи.

Top